Ер ости сувлари назорати — ҳосилдорлик кафолати
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ўтказилган навбатдаги амалий семинар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва рақамли мониторинг тизимларини кенг жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Сирдарё–Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция мутахассислари томонидан “Олтинсой” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибидаги “Рустам Сатторов” фермер хўжалиги даласида ташкил этилган тадбир замирида замонавий технологиялар орқали ер тақдирини, демакки, ҳосил тақдирини назорат қилиш ғояси мужассам бўлди.

Семинар давомида кузатув қудуқларига ўрнатилган дайвер қурилмаларининг ишлаш механизми, уларнинг ер ости сувлари сатҳини аниқ ўлчашдаги аҳамияти ва мелиоратив мониторинг тизимидаги ўрни атрофлича тушунтирилди. Мутахассислар таъкидлаганидек, ер ости сувлари сатҳининг мунтазам назорат қилиниши шўрланиш ва ботқоқланиш хавфини барвақт аниқлаш, мелиоратив чора-тадбирларни ўз вақтида белгилаш ҳамда ер унумдорлигини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган бундай ишлар мамлакатимизда соҳани рақамлаштириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этишга қаратилган ислоҳотларнинг узвий давомидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майда қабул қилинган “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги Фармонида сув ресурсларини бошқариш, ҳисобини юритиш ва мониторинг жараёнларини рақамлаштириш, замонавий назорат воситаларини кенг татбиқ этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Мазкур семинарда кўтарилган масалалар айнан ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросининг амалий ифодаси ҳисобланади.

Тадбирда дайвер қурилмалари орқали олинаётган маълумотларнинг аниқлиги, уларни электрон платформаларга интеграция қилиш ва таҳлил этиш орқали сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса ҳар бир томчи сувнинг қадрини ошириш, ҳар бир гектар ернинг мелиоратив ҳолатини доимий назоратда ушлаб туриш имконини беради.
Семинар иштирокчилари дайвер қурилмаларининг техник имкониятлари, улардан самарали фойдаланиш усуллари бўйича ўзаро тажриба алмашиб, соҳага оид қатор амалий тавсияларга эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан берилган батафсил тушунтиришлар эса тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Зеро, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланган сари ҳосилдорлик юксалади, сувдан фойдаланиш самараси ортиб, аграр соҳада барқарор ривожланиш учун мустаҳкам замин яратилади. Шу маънода, кузатув қудуқларидаги бир қарашда оддий кўринган дайвер қурилмалари келажак ҳосилини асрашга хизмат қилаётган замонавий “рақамли посбонлар”дир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири