![](https://cdn.uza.uz/2024/12/12/19/28/Vagyw7H8o9zrfGP7j2tSwyHh4rFSZTxH_normal.jpg)
Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакат иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватлари, инновацияларни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, шу билан бир қаторда янги иш ўринлари яратишда тоғ-кон саноати ва геология соҳаси муҳим ўрин тутмоқда.
12 декабрь куни мазкур йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган натижаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида соҳанинг энг муҳим ютуқлари эълон қилинди. Қайд этиш жоиз, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги республиканинг иқтисодий тараққиётида муҳим босқич бўлмоқда. Тадбирда соҳадаги эришилаётган натижалар эълон қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида металлургия корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмини 122,7 триллион сўмга етказиб, олтин 1,3 баробарга, кумуш 1,6 баробарга, мис 1,4 баробарга ва уран 1,5 баробарга оширилган. Шу билан бирга, мисни қайта ишлаш ҳажми 1,7 бараварга ошган ва 650 млн долларлик экспорт амалга оширилган. Тоғ-кон ва геология соҳасига 7,2 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинган. Қолаверса, 1,3 мингта янги иш ўрни яратилгани соҳанинг ижтимоий аҳамиятини янада оширмоқда.
Жорий йил якунига қадар умумий қиймати 27,3 млрд доллар бўлган 60 та лойиҳа доирасида 3,6 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда. Бу эса таъкидлаш жоиз, ривожланиш истиқболларини янада кенгайтиради.
[gallery-20830]
Матбуот анжуманида шунингдек, соҳага доир янги қонунчилик ва бошқарув ислоҳотлари бўйича маълумот берилди. Яъни, жорий йилнинг октябрь ойида “Ер қаъри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, мазкур қонунни ишлаб чиқишда Австралия, Канада, Туркия ва Қозоғистоннинг соҳадаги тажрибаси ўрганилган.
Бу хорижий инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга имкон беради.
Шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини электрон тартибда бериш тизими йўлга қўйилган. Навоийда уран ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва Олмалиқда янги мис бойитиш фабрикалари қурилиши каби муҳим, устувор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳисобига 60 дан ортиқ кичик корхона билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Соҳада экологик назорат кучайтирилмоқда. Ушбу йўналишда ноқонуний қазиш ишларини аниқлаш ва зарарларни бартараф этиш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда. Махсус инспекция томонидан 2 000 дан ортиқ қазиш ишлари текширилгани ва 180 млрд сўм миқдорида зарар ҳисоблангани маълум қилинди.
Тадбир сўнггида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8mB5vVaelV8" title="Yer osti boyliklari: geologiya va sanoatning yangi yutuqlari boʻyicha hisobot berildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА