Ер майдонларидан тўғри фойдаланилаяптими?
ЎзА мухбирлари Кадастр агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан ўрганиш тадбирларини ўтказди.
Дастлаб Жиззах шаҳрининг “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, фуқаролар томонидан ер қонунчилигига қанчалик риоя қилинаётганлиги, ноқонуний қурилмалар қурилиб, ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари юз берган-бермагани каби ҳолатлар ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ соҳа мутахассислари томонидан фуқароларга атрофлича ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Вилоятнинг Шароф Рашидов туманидаги “Феникс Бунёдкор” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхонада бўлиб, бу ерда тадбиркор томонидан ердан қай тарзда унумли фойдаланиб келинаётганига гувоҳ бўлдик.Тадбиркор ҳар қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда ушбу иссиқхонада қиш давомида турли кўкатлар, помидор кўчатларини парвариш қилиб, яқин кунларда элимиз дастурхонига етказиб бериш йўлида астойдил меҳнат қилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Лекин, минг афсуски, шу тумандаги “Бунёдкор” МЧЖга иссиқхона учун берилган 80 сотихли ер майдонидан фойдаланилмай, қаровсиз ташлаб қўйилганига, ер, тайёр иссиқхонанинг бўм-бўш ётганига гувоҳ бўлдик. Гуруҳимиз мутасаддилари шу ернинг ўзида ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди.
Кейинги ўрганиш манзилимиз Шароф Рашидов туманининг “Тоқчилик” МФЙ бўлди. Хайрулла Сағдуллаев бир неча йиллардан буён шу маҳалла ҳудудидаги “Убайдулла –Лутфулла” чорвачилик фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келади. Бу ерда ҳозирги кунда тадбиркор томонидан фермер хўжалигига қарашли ер майдонларидан самарали фойдаланилиб, зотдор қорамоллар парвариш қилиб келинмоқда. Табиийки, даромаду буромади ҳам шунга яраша.
– Бошқарма ва туман, шаҳар бўлимларимиздаги ходимларимиз томонидан вилоятдаги мавжуд 1040 та чорвачилик хўжалигининг 169 минг 132 гектарга яқин ер майдонида қурилган қурилмалар тўлиқ ўрганиб чиқилди, – дейди Кадастр агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Мамасияев. – Ўрганишлар давомида 35 та чорвачилик фермер хўжалиги томонидан 5,7 гектар ер майдонига қурилмалар қурилганлиги, шундан 10 та ҳолатда 0,4 гектар ер майдонида тегишли ҳужжатларсиз, ноқонуний қурилмалар қуриб олинганлиги аниқланган.Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун қонунбузарларга нисбатан жарима жазолари қўлланилди.
Ўрганиш жараёнида балиқчилик хўжаликлари ер майдонлари ҳам кўздан кечирилди. Вилоятдаги жами 249 та мавжуд балиқчилик хўжалигининг 65 таси томонидан 3604 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Шулардан 21 та балиқчилик хўжалигининг 284,1 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.
Шунингдек, вилоятдаги 11 та, яъни 142 гектар майдондаги балиқчилик хўжаликлари фаолияти бугунги кунга келиб тўхтатилганлиги маълум бўлди.
[gallery-22058]
Ҳамкорликдаги ўрганишлар давомида аниқланган вилоятда ер майдонларидан нотўғри фойдаланиш ёки умуман фойдаланилмаётганлиги, ноқонуний ва ўзбошимчалик билан барпо этилган қурилмалар мавжудлиги ҳолатлари аҳоли ва тадбиркорлар орасида бу борада олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмаслигидан далолат беради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари