Ер майдонлари эҳтиёжманд оилаларга ҳам берилмоқда
Тошкент вилоятида жорий йил ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва бошқа экинларнинг тезпишар навларини қисқа муддатларда экиш, парваришлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриляпти.
Жумладан, аҳолига ва ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиши учун ўз яшаш ҳудудларига яқин бўлган фермер хўжаликларидан такрорий экинлар экиш учун ҳар бир фуқарога ўртача 25 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Шунингдек, 100-150 килограммдан буғдой тарқатилмоқда.

Ҳудуд масъуллари иштирокида Оққўрғон туманида ўтказилган амалий семинарда ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Масъулларнинг айтишича, 103 минг гектар ғалладан бўшаган майдон ижтимоий дафтарлардаги 12 минг 723 нафар фуқарога, 2 минг нафардан зиёд ишсиз ёшга ажратиб берилади. Натижада 70 минг нафардан ортиқ аҳолининг мавсумий бандлиги таъминланишига эришилади. Айниқса, бунда маҳаллалардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли, ишсиз ёшлар ҳамда деҳқончилик қилиш истагида бўлган фуқароларнинг рўйхатларини шакллантириш, четдан қайтган ишсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Семинарда мазкур саъй-ҳаракатларни тизимли ташкил қилишга вилоят ва туманлар секторлари раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланиши ҳамда уларга жойларда амалга оширилаётган ишларни кунлик таҳлил қилиб, муаммоли масалаларни ҳал этиш борасида бир қатор топшириқлар берилди.

– Бунинг учун махсус штаб фаолияти ташкил этилди, – дейди Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков. – Асосий йўналишлардан бири туманларда ер майдонларини шакллантирилган рўйхат асосида ишсиз аҳоли ва ёшларга ажратиб бериш орқали уларнинг бандлиги ҳамда даромади таъминланади. Шу билан бирга, ерларни экишга тайёрлаш, моддий ресурслар билан таъминлаш ҳамда такрорий экинларни қисқа муддатларда экиш ва парваришлаш ишлари олиб борилади. Ҳудудларда такрорий экин учун зарур бўлган уруғликлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов берувчи кимёвий воситалар сотиб олиш учун банк кредитлари ажратилади.
Етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини нес-нобуд қилмасдан тизимли равишда йиғиб олиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш ва куз-қиш мавсумига захира қилиш ишлари амалга оширилади.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олди.
А.Эркинов,
Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЖТСБ РҚМ бошлиғи
тезкор ишлар бўйича ўринбосари, капитан