Ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига пул олган шахс ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси томонидан вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда коррупция ҳолатларни аниқлашга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Бекобод шаҳрининг 11-даҳасида жойлашган, енгил типдаги нотурар жой учун мўлжалланган 72 квадрат метр ер майдонини аукцион орқали қўлга киритиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан олдиндан келишилган 3 минг 500 АҚШ долларидан 2 минг АҚШ долларини олаётган вақтда 1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган, бошқарув сервис компаниясига карашли МЧЖ бош мутахассиси Н.З. ушланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, у ер майдонига тегишли ҳужжатларни Бекобод шаҳар уй-жой коммунал хўжалик бўлими ҳамда Кадастр агентлигининг шаҳар бўлимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш имконияти борлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва мазкур шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилган.
А.Мусаев,ЎзА