Ер майдонида қурилишга рухсат олиб бериш учун пора талаб қилган шахс ушланди
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан фуқародан 840 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди. У Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги ер майдонида турар жой бинолари қуришни ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган.
Аниқланишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи ва бир нечта корхоналарга эгалик қилувчи шахс мурожаатчига ёрдам беришни ваъда қилган. У Бўстонлиқ туманида жойлашган, умумий майдони 9 гектар бўлган нотурар объектнинг 4 гектар қисмида турар жой бинолари қурилишини қонунийлаштириб беришини билдирган.
Шунингдек, у Кадастр агентлигида ишловчи мансабдор танишлари орқали мазкур объектда турар жой биноларини қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва рухсат олиб беришга ишонтирган. Бунинг эвазига мурожаатчидан аввал 100 минг, кейинчалик эса яна 740 минг АҚШ доллари, жами 840 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида гумонланувчи тумандаги ресторанлардан бирида мурожаатчидан олдиндан талаб қилинган 100 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми ҳамда 28-моддаси орқали 211-моддасининг учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фирибгарлик ва коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, шунингдек, жамиятда қонунийлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА