Энг яхши ташаббускорлар ғолиб бўлди
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш, аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Республика комиссияси томонидан эълон қилинган “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Касаба уюшмалари лауреати”, “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари” танловларининг Навоий вилояти босқичи совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 26 февралида кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш борасида манзилли чора-тадбирларни белгилаб берган эди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган сўровномалар натижасида вилоятда 12 минг 827 нафар турмуш шароити оғир, ҳимояга муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, “Аёллар дафтари” га киритилган эди.
Мазкур рўйхатга киритилган хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига асосан, иккита асосий йўналиш белгилаб олинди.
Биринчи йўналишда ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 минг 263 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, иккинчи йўналиш эса моддий ва маънавий ҳимояга муҳтож 2 минг 564 нафар хотин-қизларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш режалаштирилган эди.
Дастлаб “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар 9 тоифага ажратилди ва рўйхатга олинган хотин-қизларнинг барчасига тегишли тартибда амалий ёрдам кўрсатилиб, муаммолари ҳал қилинди. Уларнинг 5 минг 643 нафари ишга жойлаштирилди. 1 минг 202 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди. 3 минг 16 нафар опа-сингилларимизга тадбиркорлик қилиши учун кредитлар ажратилди. 492 нафар боқувчисини йўқотган хотин-қизларга салкам 539 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 71 нафарининг эса уйлари таъмирлаб берилди.
“Энг намунали аёл иш берувчи” танловида биринчи ўринни Қизилтепа тумани “Ванғози хумо текстиль” МЧЖ раҳбари Шаҳноза Саматова, “Энг яхши маҳалла раиси” танловида биринчи ўринни Навбаҳор тумани “Пахтакор” МФЙ раиси Лазиз Жамилов, “Касаба уюшмалари лауреати” танловида биринчи ўринни Навоий шаҳар “Дурдон Жавоҳирлари” оилавий корхонаси раҳбари Гавҳар Эгамова, “Энг яхши сектор раҳбари” танловида биринчи ўринни Конимех туман ҳокими Муратхан Эгамқулов эгаллади.
Шунингдек, “Аёллар маслаҳат кенгашлари”нинг фаолиятини ўрганиш бўйича вилоят комиссияси қарори билан Кармана туманидаги “Дўрмон”, Хатирчи туманидаги “Миёнқол” маҳаллаларида ташкил қилинган “Аёллар маслаҳат кенгаши” лари ҳам ўз йўналишларида танловнинг вилоят босқичи ғолиби деб топилди.
Барча танлов ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
[gallery-3714]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА