Энг яхши тарбиячилар тақдирланди
Навоий шаҳрида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2023” касбий кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Навоий вилоятида сўнгги уч йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 740 тадан 1216 тага етди. Уларнинг 219 таси давлат ва 997 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Вилоятдаги 3-7 ёшдаги болалар сони 84 минг 175 нафар бўлса, уларнинг 69 минг 230 нафари ёки 82,2 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган. Йил якунига қадар қамров даражасини 84 фоизга етказиш режалаштирилган. Болажонларга 6050 нафар педагог-тарбиячи таълим-тарбия бермоқда.


“Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2023” касбий кўрик-танловининг вилоят босқичида жами 42 нафар тарбиячи иштирок этди. Улар танлов низомига мувофиқ уч шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

“Энг яхши методист” йўналишида Нурота туманидаги 13-давлат МТТ методисти Умида Каримова, “Энг яхши фидокор тарбиячи” йўналишида Навбаҳор туманидаги 1-давлат МТТ тарбиячиси Дилбар Муҳаммадиева, “Энг ижодкор-ихтирочи тарбиячи” йўналишида Учқудуқ туманидаги 2-давлат МТТ тарбиячиси Дилрабо Ғаниева, “Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи” йўналишида Учқудуқ туманидаги 14-давлат МТТ тарбиячиси Мафтуна Файзиева, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” йўналишида Қизилтепа туманидаги 17-давлат МТТ тарбиячиси Гулмира Азимова, “Энг яхши маънавий камолотга етакловчи тарбиячи” йўналишида Учқудуқ туманидаги 5-давлат МТТ тарбиячиси Фируза Маманова ғолибликни қўлга киритди. Ушбу иштирокчилар танловнинг республика босқичида қатнашади.

Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ижросидаги куй, қўшиқ ва рақслар барчага аъло кайфият улашди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири