Энг яхши таклиф ва ғоялар ғолиб бўлди
"Металлург" маданият саройида ОКМК ходимлари ўртасида ўтказилган "Энергия самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва харажатларни камайтириш бўйича энг яхши рационализаторлик таклифлари" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган "Олмалиқ КМК" АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов танловнинг барча иштирокчиларига фаол иштироки, ижодий ёндашуви ва ишлаб чиқариш жараёнларини яхшилашга интилиши учун миннатдорлик билдирди. Корхонани ривожлантириш учун бундай ташаббуслар муҳимлиги, рационализаторлик таклифлари нафақат энергия самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтиришга ёрдам бериши, балки ОКМКнинг келажакдаги тараққиётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шундан сўнг танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Жумладан, Марказий таъмирлаш-механика заводи ишлаб чиқариш-техник бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Рустам Парпиев, МТМЗ дизайн бюроси бошлиғи Андрей Ефремов, МТМЗ бош энергетиги Александр Никитин, МТМЗ етакчи муҳандис-технологи Михаил Прокудин, ОКМК Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўлими биринчи тоифали муҳандиси Жасур Абсаломов, ОКМК техник бўлими муҳандис-технологи Хайрулла Абдусатторов, автомобиль транспорти бошқармаси транспорт мониторинги диспетчерлик хизмати оператори Вадим Бузовлар пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Ғолибларнинг ҳар бири ўз ишланмаларининг қисқача шарҳини тақдим этди. Ғоялари ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва ОКМКнинг умумий иш кўрсаткичларини яхшилашга қандай ёрдам бериши ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда "Металлург" маданият саройи бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди. Таъкидлаш жоизки ушбу танлов ходимлар ўртасида инновацион ғояларни ривожлантириш имкониятини яратди. Корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда ходимларнинг юқори даражадаги иштирокини намойиш этди.
ОКМК Ахборот хизмати
ЎзА