Энг яхши лойиҳалар ғолиб бўлди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан давлат грантлари бўйича эълон қилинган олтинчи ва еттинчи танловларнинг ғолибларига сертификатлар топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан шу йилнинг 21 сентябридан 21 октябрига қадар муддат оралиғида давлат гранти бўйича эълон қилинган олтинчи ва еттинчи танловларга жами 15 та лойиҳа келиб тушди. Лойиҳалар Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг аъзолари томонидан қараб чиқилиб, уларнинг мазмуни, асосий мақсадлари, амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижалари муҳокама қилинган эди.

Улардан “Орол балиқчиси” газетаси таҳририятининг “Соф танада – соф ақл!”, Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлимининг “Ғамхўрлик”, Қорақалпоғистон Республикаси “Кӯнгил нури” хотин-қизлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг “Оила бюджетини шакллантиришда хотин-қизларнинг роли”, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг “Бизнинг имкониятимиз чексиз!” номли лойиҳалари ғолиб деб топилди.
Тадбирда танловлар ғолибларига сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА