“Энг яхши кинологлар” аниқланди
Бухоро вилоятида Миллий гвардия мутахассис-кинологлари ўртасида “Энг яхши кинолог” мусобақасининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган тажрибали мутахассислар саккиз ойликдан саккиз ёшгача бўлган немис ва шарқий Европа овчаркалари, лабрадор, Бельгия овчаркаси зотларига мансуб хизмат итлари билан қатнашди.
Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси ҳудудида ташкил этилган мусобақада иштирокчилар “Тўсиқлардан ўтиш”, “Умумий тайёргарлик курси” машқлари, “Қурол-яроғ ёки портловчи моддаларни қидириб топиш йўналиши”, “300 метрли масофага тўсиқларни хизмат ити билан ўтиш” ва “Тоғ биатлони – 1600 метр масофага якка тартибда қурол билан югуриш” шартларида рақобатлашди.

Мусобақа мобайнида ҳакамлар томонидан мутахассис-кинологларнинг жисмоний тайёргарлиги ва касбий маҳорати, шунингдек, вазифаларни бажариш бўйича хизмат итларининг тайёргарлик даражаси баҳолаб борилди.

Ўттизга яқин мутахассис содиқ дўсти – жанговар ҳамроҳи бўлган хизмат итлари билан турли вазифаларни бажариш бўйича билим ва кўникмалари ҳамда касбий маҳоратини намойиш этди. Хизмат итларининг портловчи моддалар ва қурол-яроғларни излаб топишда алоҳида хусусиятлари ва имкониятлари кўздан кечирилди.

Якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси мутахассис-кинологи қўлга киритди. Иккинчи ўрин Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси мутахассис-кинологига насиб этди. Учинчи ўриндан Миллий гвардия Наманган вилояти бошқармаси мутахассис-кинологи жой олди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ҳилола АБРАЙҚУЛОВА,
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА