Энг яхши ихтирочи аёллар танлов асосида аниқланади
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси Раиси Т.Норбоева томонидан тасдиқланган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар режасининг 23-бандида жорий йилнинг февраль ойида хотин-қизларнинг инновацион ва бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигини ўтказиш белгиланган.
Маҳаллла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида мазкур ҳафталикни ўтказишга масъул вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбар ходимлари иштирокидаги йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларида ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган, ўз қобилиятини намоён этаётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топиш, улар амалга ошираётган лойиҳаларни тарғиб қилиш, янги иқтидор қирраларини очиш, турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизларнинг турли ташаббуслари ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги ўтказиш бўйича тайёрланган Низом лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳага асосан “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги ташкил этилади. Ҳафталик доирасида ихтирочи хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш, уларнинг инновацион ғоя ва лойиҳаларини жорий қилишларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида хотин-қизлар ўртасида танлов ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳафталик доирасида ташкил қилинадиган тадбирларда иқтидорли хотин-қизларнинг илмий тадқиқот ишлари ҳамда ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуватлаш, илмий, ижодий ва интелектуал салоҳиятини юксалтириш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратиш ва ҳаётга тадбиқ этишларида шароит яратиш, жамият ҳамда илмий-ижодий фаолиятида эришаётган ютуқларини ибрат сифатида кўрсатиш орқали, илмли бўлишга ундаш, қизларни замонавий касбларни эгалашга тарғиб қилиш, хотин-қизларни қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик билан яқиндан таништириш ишлари амалга оширилади.

Ўтказиладиган танлов натижаси бўйича ҳар бир ҳудуддан 100 нафар ихтирочи аёллар аниқланиб, масъул вазирлик ва ташкилотлар томонидан мунзатам равишда улар билан истиқболда манзилли ва мақсадли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА