Энг улуғ, энг азиз байрам тадбирлари давом этмоқда
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида катта байрам. Халқимиз Мустақиллик байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 31 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.


Ҳар йили комбинат жамоаси мазкур байрамни ўзгача кайфиятда кутиб олади.
Кейинги икки йилда замонавий технологияларга асосланган 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари ҳамда 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси фойдаланишга топширилганлиги корхона жамоасининг улкан салоҳияти ва имкониятларидан далолат беради.


Қолаверса, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конларидан қазиб олинадиган маъданларни 2-гидрометаллургия заводига етказиб берадиган 35 километрлик темир йўл линияси ишга туширилди. Ўзбекистон кончилик саноатида илк бор “Зармитан” саноат майдонида шахта чуқурлиги минг метрга етказилди. Айни кунларда, яна бир катта лойиҳа - “Пистали" кони ҳудудида 6-гидрометаллургия заводини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Мустақиллик байрами муносабати билан юртбошимиз фармонига мувофиқ Марказий кон бошқармаси директори Элмурод Холиқулов “Меҳнат шуҳрати” ордени, комбинат бош геологи ўринбосари Илҳомжон Ҳамроев “Дўстлик” ордени, Жанубий кон бошқармаси кончилик бўлими етакчи муҳандиси Акмал Жамонқулов ва Марказий кон бошқармаси Ёнғин қутқарув қисми ҳайдовчи-қутқарувчиси Обиджон Абдуллаев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Тадбирда “Фарҳод” маданият саройи жамоаси ва эстрада хонандалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.


А.Бўриев, ЎзА