Энг саралари Арабхона маҳалласида
Бухоро вилояти Олот туманининг Арабхона маҳалласидаги Шокир Тангриев хонадони 20 йилдирки кўчат етиштириш билан шуғулланади. Шу боис, хонадон нафақат олотлик балки бошқа вилоятлардан кетувчи мижозлар билан гавжум. Хонадон асосан мевали-манзарали дарахт, бута ва гул кўчатлар етиштириш билан машҳур.
Айни кунда ушбу хонадонда 13 турдаги мевали, 3 турдаги манзарали ҳамда 6 турдан ортиқ бута ва гул кўчатлари етиштирилмоқда.

Хусусан, шафтолининг ялтироқ қизил, ялтироқ сариқ, ўрикнинг қандак, субҳоний, навоий, олманинг голд, беш юлдуз, қизил соф гўзали, семеренка, нокнинг ўрмон гўзали, кузги нок, хурмонинг шоколад, свеча, ромашка, бодом ҳамда ёнғоқнинг юпқа пўчоқ, гилоснинг эрта баҳор, узумнинг қора кишмиш, оқ ҳусайни, келинбармоқ, кетмонсопи, ҳусайни, тоифи каби навлари етиштирилмоқда.
Ер хазина, ундан унумли ва самарали фойдаланилса, инсонга беҳисоб неъматлар, меҳнатга яраша даромад келтиради. Айниқса, ўз томорқасида кўчат етиштириб даромад топаётган миришкорлар меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтса арзийди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири