Энг намунали божхоначи оилалар аниқланди
15 май — Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда оила институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, оила — жамиятнинг асосий бўғини, маънавий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори.
Маълумки, 1994 йилдан буён ҳар йили ушбу сана дунёнинг деярли барча давлатларида кенг нишонлаб келинмоқда. Бу, оила институтининг аҳамиятини ошириш, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга эътибор қаратиш ҳамда оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Оила инсоннинг туғилиши, тарбияси ва шахс сифатида шаклланишида энг муҳим маскан ҳисобланади. У меҳр-оқибат, инсонийлик, миллий қадриятлар ва маънавий мерос сақланадиган муқаддас даргоҳдир.

Оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор, давлат фаровон бўлади. Шу боис, юртимизда оила институтини қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларни рағбатлантириш ва баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқаро оила куни муносабати билан Божхона институтида божхона органлари тизимида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида маънавий-маърифий ҳамда спорт йўналишларини қамраб олган анъанавий мусобақанинг финал босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ходимларнинг намунали оилавий ҳаётини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.
Танлов шартларига мувофиқ, иштирокчи оилалар “Биз мерганлар оиласимиз”, “Биз спортчи оиласимиз”, “Билимдон оила” каби уч йўналишда ўз билим ва маҳоратларини намоён этди.

Мусобақа жараёнини Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати кузатиб борди. Қизғин ва муросасиз кечган финал босқичида Маматқуловлар, Ҳақназаровлар ва Мардоновлар оилалари ғолиблик учун беллашди.
Якуний натижаларга кўра, 3-ўрин — Мардоновлар оиласи, 2-ўрин — Маматқуловлар оиласи ва 1-ўрин — Ҳақназаровлар оиласига насиб этди.
Тадбир якунида ғолиб ва иштирокчилар Божхона қўмитасининг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланди.
Бундай тадбирлар ходимларнинг касбий ва маънавий салоҳиятини ошириш, шунингдек, жамиятда соғлом оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА