Энг мерган журналистлар ғолиб бўлди
Наманганда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ҳамда Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида спортнинг техник-амалий турларидан бири – пневматик милтиқдан “ўқ отиш” бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ўртасида анъанавий очиқ биринчилик бўлиб ўтди.
Тумандаги ўқув-спорт техника клуби базасидаги “Ўқ отиш тири”да Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида ҳамда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган ушбу мусобақада босма ва электрон оммавий ахборот воситалари мухбирлари ҳамда блогерлардан иборат ўттиздан ортиқ ижодкор мерганлик борасидаги маҳоратини синаб кўрди.

Таъкидлаш керакки, қўлида ҳамиша ручка тутган ёки камера, микрофон ушлаган ижодкорлар мерганлик борасида ҳам яхшигина иқтидор ва тажрибага эга эканликларини намойиш этди.

– “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ишлар, жойларда ўтказиб келинаётган турли мусобақаларни ёритиш жараёнида кўнглимизда, мана шундай техник-амалий спорт турнирларида қатнашиш истаги туғилган эди. Касб байрамимиз арафасида ҳамкасблар дам олиш кунларини спорт билан шуғулланиб, унумли ўтказмоқдамиз, – дейди “Янги Ўзбекистон” газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири Орифжон Жўраев. – Ўйлайманки, журналистлар иштирокидаги бу каби мусобақалар “Ватанпарвар”чиларни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга туртки беради.

“Ёшлар” телеканалининг “Янги давр” информацион дастури мухбири Бахтиёр Мамажонов ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашев эгаллади. “Ҳуқуқ” газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири Нилуфар Ниёзовага учинчи ўрин насиб этди. Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятини ёритишда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир қатор журналист ва блогерларга миннатдорлик билдирилиб, муносиб рағбатлантирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.