Энг мақбул йўл – ўз вақтида тўлаб бориш
Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, фойдаланилган табиий газ ва электр энергиясидан дебитор ва кредитор қарздорликни камайтириш, табиий газнинг узлуксизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, фойдаланилган табиий газ ва электр энергиясидан дебитор ва кредитор қарздорликни камайтириш, табиий газнинг узлуксизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Вилоятда аҳолини табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси ҳудудий бошқармаси томонидан 45 километр газ қувурлари таъмирланиб, 22,9 километри янгиланди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш давомида табиий газнинг узлуксизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Айни пайтда барча туманларда газ, электр, сув таъминоти корхоналари ҳамда жаоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, коммунал тўловлар бўйича қарздорликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
– Аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ асбобларини техник ва профлактик кўрикдан ўтказиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда, – дейди “Пахтакортумангаз” корхонаси раҳбари Х.Эсиргапов. – Бу ишда ўтган йили газ таъминотида узилиш бўлган, иситишда муаммолар юзага келган тармоқларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, туман маркази ва “Чаманзор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 700 метр газ тармоғи тўлиқ таъмирланиб, мавсумга шай қилиб қўйилди. Ўрта босимли газ қувурлари тозаланиб, синовдан ўтказилди.
Айни пайтда тумангаз, туман электр тармоқлари корхоналари томонидан истеъмолчиларни электрон ҳисоблаш ускуналари билан тўлиқ таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётир.
– Қарздор бўлмасликнинг энг мақбул йўли фойдаланилган табиий ресурслар ҳақини ўз вақтида тўлаб боришдир, – дейди Пахтакор туманидаги Сувонобод маҳалласида яшовчи Холмўмин Мирзақобилов. – Аввало, газ, электр энергияси, сув каби неъматлардан рўзғорда тежамкорлик билан фойдаланиш керак. Коммунал тўловларнинг ўз вақтида тўланиши нафақат соҳа ривожи ва аҳолига намунали хизмат кўрсатиш, балки, турмушимиз фаровонлигига хизмат қилади.