Энг кучли велоспортчилар сараланмоқда
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон велоспорт федерацияси томонидан эркаклар, аёллар, ёшлар, қизлар, ўсмирлар ва ўсмир-қизлар ўртасида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича “Асака банк” кубоги бошланди.
Мусобақада республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 150 дан зиёд велоспортчи иштирок этмоқда.
Турнирнинг биринчи кунида иштирокчилар 25 километр масофага шахсий пойгада ўзаро рақобатлашди. Унда Асал Ризаева ўсмир-қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Анна Кускова қизлар орасида тенгсиз эканини яна бир бор исботлади. Янина Кускова эса аёллар тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Шунингдек, Фаррух Бобошеров ўсмирлар, Камрон Мирзараҳимов ёшлар, Муроджон Холмуратов эркаклар ўртасида марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА