Энг кучли пойгачилар аниқланди
Пойтахтимиздаги Республика техник ва амалий спорт турлари марказида “Супермотокросс” бўйича “Ватанпарвар” ташкилоти соврини учун мусобақа ўтказилди.
Пойтахтимиздаги Республика техник ва амалий спорт турлари марказида “Супермотокросс” бўйича “Ватанпарвар” ташкилоти соврини учун мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ташкилоти ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур мусобақаси очилиш маросимида Республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори Ш.Исматиллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ташкилот тизимида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган триатлон ва авиамодель спорт турлари билан шуғулланаётган ёшлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Бунинг самарасида мамлакатимизда аҳоли ўртасида спортнинг техник ва амалий турлари жадал оммалашаётганини таъкидлади.
Мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилар билан бир қаторда Қозоғистон ҳамда Россия мотокросчилари ғолиблик учун куч синашди.
Мусобақанинг 85 сантиметр куб синфидаги пойгаларда қозоғистонлик Никита Карнаухов биринчи бўлиб маррага етиб келган бўлса, ҳамюртларимиздан Аброрбек Жуманов ва Жасурбек Самадов иккинчи ҳамда учинчи поғонадан жой олди.
125 сантиметр куб синфида Владимир Радостовец (Қозоғистон), Бахтиёр Аҳмедов (Ўзбекистон) ва Шавкат Сулейманов (Ўзбекистон) шоҳсупага кўтарилади. Ҳажми 500 сантиметр куб бўлган мотоциклларда ўтган баҳсларда Андрей Сазонов (Ўзбекистон), Александр Свириденко (Россия) ва Сергей Давлетёров (Ўзбекистон) ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ташкилоти марказий кенгаши, Республика техник ва амалий спорт турлари марказининг диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.