“Энг китобхон мактаб” лойиҳаси доирасида «Nexia-3» ва «Spark» автомашиналари совға қилинади
Тадбир давомида сўзга чиққан “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари мутахассиси И.Ахунджанов йиғилганларга лойиҳа ҳақида тўлиқ маълумот берди.
“Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари томонидан амалга оширилаётган “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида ғолиб чиққан энг китобхон туман халқ таълими бўлимига “NEXIA-3” автомобили, энг кўп китоб сотиб олинган мактабга “SPARK” автомобили совға қилинади.
Бу ҳақда Мўйноқда Қорақалпоғистон Республикаси умумтаълим мактабларида амалга оширилиши режалаштирилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг иккинчи мавсуми Мўйноқ тумани босқичига бағишланган тадбирда маълум қилинди.
Тадбир давомида сўзга чиққан “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари мутахассиси И.Ахунджанов йиғилганларга лойиҳа ҳақида тўлиқ маълумот берди.
– Савдо ярмаркалари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда мактаб спорт зали ёки мажлислар залида, ҳар куни бир вақтда (эрталаб соат 9:00дан-11:00гача), имкониятлардан келиб чиққан ҳолда 10-20 та мактабда ўтказилади, – деди у. – Лойиҳа якунида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари”га, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган туман халқ таълими бўлимларига қимматбаҳо совғалар, “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида ғолиб чиққан энг китобхон туман халқ таълими бўлимига эса “NEXIA-3” автомобили тантанали равишда топширилади. Бундан ташқари, энг кўп китоб сотиб олинган мактабга “SPARK” автомобили совға қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида Мўйноқ туманидаги барча мактабларни қамраб олиш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида ўтказиладиган китоб ярмаркалари давомида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар эътиборига ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида чоп этилган 1500 хилдаги сифатли китоб маҳсулотлари тақдим қилинади.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбирда Мўйноқ шаҳар ҳокимлиги, шаҳар халқ таълими бўлими, ички ишлар бўлими, прокуратура ва солиқ идоралари вакиллари, мактаб директорлари иштирок этдилар.
“Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг Мўйноқ туман босқичи 6-7 октябрь кунлари бўлиб ўтади.