Энг кенжа шаҳар – Ғозғонга саёҳат
Навоий вилоятидаги Ғозғон шаҳри Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган энг кенжа ҳудуд саналади. Бу ҳудудга шаҳар мақоми берилганига ва тузилмаларнинг фаолияти йўлга қўйилганига эндигина 4 йил бўлди.
Президентимиз 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғон қўрғонида ҳам бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кўрсатмаларни берган эди. Фаоллар билан учрашувда эса Ғозғонга шаҳар мақомини бериш таклифини илгари сурилди. Натижада 2019 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ, Навоий вилоятида Ғозғон шаҳри ташкил этилиб, бугунги кунда бу ерда 10 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида ҳудудда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратиляпти.
Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари шаҳарда ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва “Ғозғон” МЧЖда меҳнат қилаётган чўпонлар ҳаёти билан танишди.
Пресс тур иштирокчилари дастлаб “Мармаробод” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган мармар ва гранит ишлаб чиқариш корхоналари – “Gazgan Stone Invest” МЧЖ ҚК, “Gazgan Grand Granite” МЧЖ ва “Edifice - Aaspire” МЧЖ ҚКда бўлишди.
“Edifice – Aaspire” МЧЖ ҚК 2022 йил июль ойида ишга туширилган бўлиб, бу ерда мармар ва гранит плиталар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 31,5 миллиард сўм бўлиб, унинг 2,6 миллион доллари тўғридан тўғри хорижий инвестиция, 2,1 миллиард сўми эса тижорат банки маблағларидир.
– Корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 148 минг метр квадратни ташкил этади, – дейди иш бошқарувчи Кунал жаноблари. – Ишлаб чиқариш ускуналри Ҳиндистондан олиб келинган. Бу ерда 10 та иш ўрни яратилган бўлиб маҳсулотларимиз 100 фоиз экспортга йўналтирилади.
[gallery-10827]
Ғозғон шаҳри ташкил этилгандан кейин асосий эътибор янги иш ўринлари яратишга қаратилди. Шаҳарда меҳнат ресурслари сони 4 минг 877 нафарни, иқтисодий фаол аҳоли сони 3 минг 925 нафарни, жами банд аҳоли сони эса 3 минг 617 нафарни ташкил этади. Ишсизлик даражаси 7,8 фоиз. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2022 йилда жами 1700 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
“Premier textile” хусусий корхонасида тайёр тикув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 10,5 миллиард сўм бўлган корхонада 150 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда.
– Корхонамиз 2022 йилда ўз фаолиятини бошлади, – дейди иш бошқарувчи Гулчеҳра Тошева. – Бу ердаги замонавий ускуна ва жиҳозлар Хитой давлатидан келтирилган бўлиб, йилига 70 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Маҳсулотларимиз 100 фоиз Россия давлатига экспорт қилинади.
Корхонада нафақат ғозғонлик хотин-қизлар, балки қўшни Нурота туманидан ҳам ҳотин-қизлар келиб ишлайди. Уларнинг келиб кетиши учун махсус транспорт воситаси ажратилган. Бепул тушлик ташкил этилган.
– Мен бу ерда иш бошлаганимга эндигина бир ой бўлди, – дейди тикувчи Шаҳноза Бердиева. – “Аёллар дафтари” да рўйхатда турар эдим. Дастлаб уч ой давомида махсус тикувчилик курсида касб ўргандим. Ҳозирда доимий иш билан таъминландим. Билмаганларимни корхонадаги моҳир тикувчилардан ўрганмоқдаман. Тикувчилар учун бу ерда барча шароитлар яратилган. Келиб-кетиш учун автобус ажратилган. Оиламга иқтисодий ёрдамим тегаётганидан мамнунман.
Бугунги кунда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш муҳим вазифалардан бири саналади. Шаҳарда 12 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 4 таси давлат, 8 таси оилавий боғчалардир. Мактабгача таълим ташкилотларига жами 760 нафар тарбияланувчи жалб этилган. Қамров даражаси 90,5 фоизни ташкил этмоқда.
– Бизнинг боғчамиз 2021 йил октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, 100 ўринга мўлжалланган, – дейди “Мармаробод” маҳалласида ташкил этилган “Ақлвой” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Фарида Раҳматова. – Ҳозирда 4 та гуруҳда 86 нафар кичкинтой “Илк қадам” дастури асосида таълим-тарбия олмоқда Болажонларимиз учун барча шароитлар муҳайё этилган. Турли хорижий тил ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.
“Нурота қоракўл” кластерига қарашли “Ғозғон” МЧЖда мавжуд 32 та отарда 18 минг 503 та майда шохли мол боқилмоқда. Уларнинг 10 минг 297 таси она қўйлардир. Ҳар бир отарда етарли даражада дағал хашак жамғарилиб, омухта ем етказиб берилганлиги боис қишнинг совуқ кунларидан беталофат чиқилди. Барча чўпон уйлари таъмирдан чиқарилган.
Фарҳод Каримов 5 йилдан буён бош чўпонлик қилиб келади.
– Чўпонлик касби бизга бобомерос иш. Мен тўртинчи авлодман, – дейди Ф. Каримов. – Отаримизда 1000 та майда шохли мол бўлиб, унинг 700 боши она совлиқ. Қишловга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрганимиз боис, баҳорга ҳам беталофат етиб келдик. Жорий йил тул мавсумида 100 фоиз қўзи олишни режалаштирганмиз.
Пресс-тур иштиркчилари чўпоннинг отларига қизиқиб қолишди. “Мерлин”, “Сникерс” лақабли отлар “Қўйиб юборсанг осмонга учаман, дейди. Туёғидан ўт чақнайди”.
– Қирда ўтлаб юрган туялар солимга келган. Ўтказиладиган улоқ-кўпкари мусобақаларида қатнашиб тураман. Мана шу отларда чопиб, уларни қўлга киритганман, – дейди Фарҳод.
Ҳар бир ҳудуднинг обрў-эътиборли, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган инсонлари бўлади. Ҳозирда 102 ёшни қаршилаган Турсунқул бобо Эргашев Ғозғоннинг фахри. Отахон қарийиб 50 йил давомида ўқитувчилик қилган. 25 йил жамоатчилик асосида “Нуроний” жамғармасини бошқарган. 6 ўғил, 1 қизни Обод ая билан тарбиялаб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди.
Турсунқул Эргашевнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Отахон “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Жасорат” медали ва “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
ОАВ вакиллари отахон хонадонида бўлиб, дилдан суҳбат қуришди. Иштирокчиларни бобонинг 4 ёшли чевараси Исмоил шахдам қадамлар ташлаб кутиб олди.
– Ғозғон – пирлар юрти. Бу заминнинг тупроғи ҳам, тоши ҳам, тарихи ҳам бебаҳо. Буларнинг ҳар бирини асраб-авайлаш бугунги авлод зиммасидаги бурч эканлигини ҳеч қачон унутмаслик лозим, – дейди Турсунқул бобо. – Ғурур билан айтишим мумкинки, мен ана шу заминда туғилганимдан, яшаётганимдан фахрланаман. Уруш даврини кўрдик. Қонли урушда иштирок этиб, унинг оғир кулфатларини бошдан кечирдик. 1941 йилда урушга кетиб, Россиянинг Жанубий Урал ҳарбий округида хизмат қилдим ва Донбасс, Киевни озод қилишда, Чехословакия жангларида иштирок этдим. Жангларда яралангач, госпиталда даволаниб, 1945 йил 31 апрелида Ғозғонга қайтиб келдим. Урушдан кейин педагогика билим юртида ўқиб, кўп йиллар ўқитувчилик қилдим. Тарих фанидан ёшларга сабоқ бердим. Ортда қолган ҳаётимга назар ташлар эканман, не-не қийинчиликлар, муаммолар кўз ўнгимдан бир-бир ўтади. Фарзандларимнинг, невара-чевараларимнинг камолини кўрганимда эса қалбимдаги оғир дардларни унутиб, шукроналик келтираман. Юртимиздаги, айниқса, ўзим туғилиб ўсган жонажон маскан – Ғозғонда бўлаётган юксалишлар, одамларнинг турмуши йил сайин ўзгариб бораётгани мени қувонтиради. Ҳамиша Яратгандан тилайманки, бу заминга асло кўз тегмасин.
Пресс-тур иштирокчилари отахоннинг дуосини олиб, унутилмас таассуротлар билан ортга – Навоий шаҳрига қайтишди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА