Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм...
Мамлакатимизда таълим соҳасига бўлган эътибор йилдан-йилга ортмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор ҳам юксалиб боряпти. Бугун таълим соҳаси фидойилари элу юртимиз ҳурмати ва ардоғида. Буни биз – илм аҳли ҳар қадамда кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмиз. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам яққол мисол бўлади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида” ги фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Унда бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган. Унда бошқа соҳалар қатори таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилгани бизни ниҳоятда қувонтирди. Унда жумладан, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш асосий ғоя сифатида белгиланган. Шунингдек, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, ҳар йили 500 нафар истеъдодли ёшларни хорижнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юбориш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли топ-1000 олийгоҳлари рейтингига киритишга эришиш ҳам кўзда тутилган.
Президентимиз бир нутқида “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”, деб илм-маърифатга юксак баҳо бергандилар. 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва 4000 нафарга яқин талаба таҳсил олаётган Қарши инновацион таълим университетида ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб олинган долзарб вазифаларни рўёбга чиқаришда профессор-ўқитувчилар бор куч-ғайрати, билим ва тажрибасини ёшларга сарфлаб, таълим – барча даврларнинг долзарб масаласи эканлигини теран тушунган ҳолда ёрқин келажак сари дадил одимламоқда.
Ишончимиз комилки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган барча мақсад ва вазифалар ватанимизнинг кейинги тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. Кейинги пайтларда мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ёшларимизда олий маълумот олишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда. Уларнинг эҳтиёжини тўлиқ қоплаш мақсадида юртимизда нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилиб, ёшлар учун катта имкониятлар яратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бир нутқида: “Билим бўлмаган жойда қолоқлик, нодонлик ва, албатта, тўғри йўлдан оғиш бўлади”, деб бежиз таъкидламаган. Шуниси қувонарлики, нодавлат ОТМларда таҳсил олаётган талабалар ҳам давлат ОТМлари талабалари каби бир хил имтиёзларга эга бўлмоқда. Масалан, Президентимизнинг квоталарга оид фармойишида нодавлат университет ва институтлар учун 1000 та грант ўрни ажратилиши белгиланган. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган Низомда давлат, нодавлат ва хорижий ОТМларнинг талабалари учун Президент ва номли давлат стипендиялари берилиши ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга ҳам давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилади. Бу тартиб ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган.
Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб хусусий олийгоҳларга ҳам квота белгиланиши ва бу уларнинг рейтингдаги ўрнига мувофиқ ажратилиши режалаштирилган. Шунга кўра, биз университетимиз рейтингини кўтариш учун ҳозирданоқ асосий эътиборни таълим сифатини оширишга қаратганмиз. 2022-2026йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегиясида 2026 йилгача олий таълимнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш кўзда тутилган. Шубҳасиз, бу саъй-ҳаракатлар замирида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, таълим сифатини оширишдек устувор вазифалар ётибди.
Лочин Раҳмонов,
Қарши инновацион таълим
университети ректори
ЎзА