Энг илғор теримчилар рағбатлантирилди
Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-терими қизғин давом этаётган шу кунларда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг воҳадаги ҳарбий хизматчиларидан бир гуруҳи пахтакорлар ҳузурида бўлиб, илғор теримчи ва ҳашарчиларни рағбатлантирмоқда.
Сурхондарё вилоятида пахта йиғим-терими қизғин давом этаётган шу кунларда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг воҳадаги ҳарбий хизматчиларидан бир гуруҳи пахтакорлар ҳузурида бўлиб, илғор теримчи ва ҳашарчиларни рағбатлантирмоқда.
Ангор туманидаги “Ангор Сурхон ғурури” пахта-тўқимачилик кластерида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда ўндан ортиқ энг илғор пахтакорларга замонавий маиший техника воситалари совға қилинди.
– Пахта – миллий бойлигимиз, – дейди офицер К.Аллабердиев. – Уни етиштириш учун йирик маблағ, катта куч сарфланганини барчамиз яхши биламиз. Шунинг учун ҳам теримчиларнинг хом ашёни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб олишини маънавий қўллаб-қувватлашга қарор қилдик. Пахтакорлар ҳузурига келиб, совғаларимизни барчага ўрнак бўлаётган энг илғор теримчиларга топширдик.

Жорий йилда вилоят фермерлари 74 гектардан ортиқ майдонда хом ашё парваришлаб, салмоқли ҳосил тўплади. Айни кунларда йиғим-теримда вақтинча иш билан банд бўлмаган ҳашарчилар ҳам фаол иштирок этаётир.
“Ангор Сурхон ғурури” пахта-тўқимачилик кластери беш минг гектар майдонда “Сурхон-14”, “Сурхон-16” навли ингичка толали пахта етиштирмоқда. Шу кунларда йиғим-терим уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Чегарачилар кластер далаларида йиғим-теримда иштирок этаётган ҳашарчи ва теримчилар билан суҳбатлашиб, илғор теримчиларга совғалар топширилди.

– Чегараларимизда туну кун сергак туриб, юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини таъминлаётган ҳарбийлар қўлидан совға олганимиздан фахрланамиз, – дейди Ангор туманидаги Деҳқонбирлашув маҳалласида яшовчи З.Тоштемирова. – Мавсум бошларида ҳар куни юз килограммдан ошириб пахта тердим. Шу кунларда ўртача 30-40 килограмм ҳосилни териб олаяпман. Бугун ҳаётимда унутилмас кун бўлди. Бу совға мени янада унумли меҳнат қилишга ундайди.
Тадбир якунида ҳарбий қисмнинг “Жайхун” ансамбли қизиқарли куй-қўшиқлари билан теримчиларни хушнуд этди.