Энг фаол спорт тарғиботчилари тақдирланди
Пойтахтимиздаги “Зарафшон” концерт залида жисмоний тарбия ва спортни энг фаол тарғиб қилган корхона-ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 январдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан бу каби тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
[gallery-483]
Мазкур танловда ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун ҳамда аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун номинацияларида ғолиблар аниқланди.
Танлов ғолиблари «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА