Энерготежамкор иссиқхоналар барпо этилади
"АGROWORLD SYSTEM" компанияси Олтинсой туманида ижтимоий иссиқхоналарни ривожлантиришга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этди.
Сурхондарё вилояти туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари иштирок этган тадбирда "АGROWORLD SYSTEM" компаниясининг Олтинсой туманида ижтимоий иссиқхоналарни ривожлантириш дастури ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Компаниянинг қиймати икки миллион долларлик лойиҳаси тўлиқ ишга тушгач, энергия тежамкорлигига эришилиб, 400 та янги иш ўрни яратилади. Сурхондарё вилоятининг иқлим шароитида мазкур иссиқхонани қиш фаслида иситишга эҳтиёж сезилмайди. Уни барпо этишда асосий эътибор иссисқхонага қуёш тик тушиб туришига қаратилади. Плёнка устига тортиладиган махсус ёпинғич ёрдамида иссиқхона ичкарисида мўътадил ҳарорат сақлаб турилади.

Мутахассислар бундай иссиқхоналарда қиш фаслида қулупнай, лимон, совуққа чидамли булғор қалампири, броколли, айсберг, руколли каби озиқ-овқат экинларини парваришлаб, мўл ҳосил олиш мумкинлигини асосли мисоллар билан тушунтириб берди.

–Семинарда тақдим этилган иссиқхона лойиҳаси катта қизиқиш уйғотди,– дейди Денов туманидаги Қовунлисой маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Одилжон Исмоилов.– Энергия тежамкор лойиҳа экан. Маҳалламизда мўъжазгина иссиқхона барпо этиб, яхши даромад топаётган оилалар кўп. Бу лойиҳани жорий этиш энергияни тежаб, етиштирилаётган маҳсулот таннархини янада арзонлаштиради.
Кўргазмали семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири