“Энергоназорат” платформаси синов тариқасида ишга туширилди
АОКАда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда энергетика тизимида қонун ҳужжатлари ижроси, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишда давлат назорати бўйича амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Маълум қилинишича, “Ўзэнергоинспекция” томонидан қонун ҳужжатлари ижросига катта эътибор берилмоқда. Хусусан, ходимларнинг лавозимга лойиқлиги бўйича мунтазам аттестация ўтказиляпти. Унга кўра, 74 нафар ходимнинг билим даражаси қониқарсиз деб топилди. Ҳудудларда ишларнинг етарли даражада ташкил қилинмагани ва сусткашликка йўл қўйганлиги учун Сурхондарё ҳудудий бошқарма бошлиғи лавозимидан озод этилди. Қашқадарё, Навоий ва Наманган ҳудудий бошқарма бошлиқлари бошқа ҳудудларга ротация қилинди.
Шунингдек, вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 52 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳамда 39 та техник жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилди ва тегишли таклифлар тақдим этилди.
[gallery-19567]
Инспекция бошлиғи ўринбосари Хуршиджон Эшқўзиевнинг сўзига кўра, рақамлаштириш жараёнлари ҳам тизимли олиб бориляпти. Яқинда “Энергоназорат” платформаси ишлаб чиқилиб, у синов тариқасида ишга туширилди. Назорат тадбирларида аниқланган ҳолатларни электрон шаклда расмийлаштириш бўйича Uzinfaсom, тизим ташкилотлари, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари билан биргаликда Е-далолатнома электр тизими ишлаб чиқилди.
– Ҳозирда электрон тизимни 1 ноябрдан бошлаб амалиётда қўллаш бўйича якуний ишлар олиб борилмоқда. Электр қурилмаларининг иш фаолиятини масофавий таҳлил қилиш мақсадида янги дастурий таъминот ҳам тайёрланяпти. “Ўзэнергоинспекция”нинг иш фаолиятида биринчи маротаба аниқланган ҳолатларга тегишли чоралар кўрилиши учун 2023 йилнинг 1 октябридан бошлаб “e-mamuriy ish” ахборот тизим ишга туширилган эди. Шу билан бирга, янгидан қурилаётган 9308 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. 5645 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига улаш учун техник кўрикдан ўтказилди. Истеъмолчиларда келиб тушган мурожаатлар қонуний кўриб чиқилиши натижасида 388 та лицензия берилиши таъминланди. Текшириш ва ўрганишларга келсак, энергетика тизими корхоналари ва тадбиркорлик субъектларида 350 та текшириш ва ўрганиш ўтказилган. Мазкур текширувларда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан 14 та биргаданинг иш фаолияти тўхтатилган. 54 нафар масъул ходимга интизомий жазолар қўлланилган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар берилиб, 109 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баёномалар расмийлаштирилди, – деди Х.Эшқўзиев.
Тадбирда нефть маҳсулотларининг сифати, муҳофаза зоналари ва назорат тадбирлари натижаларига аҳамият қаратилди. Унга асосан 1 минг 868 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва корхонадан 6 минг 130 та таҳлил олинган. 133 та ҳолатда 4 миллион литр нефть маҳсулотлари сифатсизлиги аниқланган. Шунингдек, 5 минг 881 та истеъмолчи томонидан 858,8 миллиард сўмлик энергия ресурсларида ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. 5 минг 577 нафар мансабдор шахсга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва “e-mamuriy ish” ахборот тизим орқали суд органларига юборилган.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев, ЎзА