Энергия тежамкор газ ускуналари ўрнатилмоқда
Замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари табиий газни тахминан 30-35 фоизга иқтисод қилади. Муҳими, у хавфсиз бўлиб, босим пасайиши-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади.
Замонавий горелканинг яна бир қулайлиги шундаки, иситиш қозонидаги сувнинг иссиқлигига қараб оловни паст ёки баланд қилиши, ўчириши ёки олов айрим сабабларга кўра ўчиб қолса, газ клапанини 30 секунд ичида ёпади.
– Ушбу горелкада сув қайнамайди, сув ҳароратининг бир меъёрда бўлишини таъминлайди, фавқулодда авария ҳолати бўлиб газ ўчса, газни ўчиради, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали масъул ходими Зулфия Бобоева. – Эски горелкалардан фойдаланилганда қиш мавсумида газ сарфи 650-700 куб метрни ташкил этса, янги автоматлаштирилган энерго тежамкор горелкада бу кўрсаткич 300 куб метр атрофида бўлади. Бу аҳолига ҳар ойда 300-350 куб метр газни тежаш имконини беради. Ҳозир вилоятда газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар, туман газ идоралари ходимлари томонидан энергия тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш юзасидан доимий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Навбаҳор туманининг Пахтакор маҳалласи аҳолиси ҳам табиий газдан фойдаланиб келади. Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида бу ердаги аҳоли хонадонларида жами 233 та замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичи ўрнатилган бўлса, улгуржи истеъмолчилар ўртасидаги бу кўрсаткич 18 тани ташкил этади.
– Иситиш қозонхонамизга замонавий газ ёндиргич ўрнатгандик, – дейди маҳаллада яшовчи истеъмолчилардан бири Жасур Муродов. – Газ сарфи 30-40 фоизгача камайгани ҳисобига табиий газ учун тўловимиз ҳам сезиларли камайди. Қўшниларимга ҳам энергия тежамкор газ ускуналарини ўрнатишни тавсия қиляпман.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чораги давомида вилоят бўйича аҳоли хонадонларига 1735 дона замонавий энергия тежамкор газ ускунаси ўрнатилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири