Энергия таъминоти яхшиланишига кўмаклашади
Мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш устувор вазифалардан бирига айланган.
“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти таркибидаги шаҳар ва туманлар электр таъминоти идораларига Хитойда ишлаб чиқарилган, замонавий “Чанган” русумдаги 22 дона электромобил топширилди.
[gallery-28234]
– Бу ташаббус фаолиятимизда энергия самарадорлиги ва хизмат кўрсатиш тезлигини оширишга хизмат қилади. Янги электромобиллар 5 ўриндиқли бўлиб, юкхонасида 1 тоннадан ортиқ юк ташиш имкониятига эга. Бу эса авария бригадаларининг зарур асбоб-ускуналар, кабеллар ва трансформаторларни осон ва тез етказиб беришида муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, мазкур автоуловлар атроф-муҳитга зарар етказмайди, шовқинсиз ва тежамкорлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, электромобиллар мутахассисларни ҳодиса жойига қисқа вақт ичида етказиш, фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш, носозликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади,– дейди “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари Баҳодир Ҳаётов.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари