Энергетика тизимида соғлом турмуш тарзига эътибор кучаймоқда
Президентимизнинг 2026 йил 5 февралда “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштирилиши кўзда тутилган.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, ташкилот тасарруфидаги идоравий қўриқлаш бўлинмалари ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил қилинди. Бу тадбирлар нафақат спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, балки жисмоний ҳамда маънавий салоҳиятни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Икки кунлик дастур доирасида иштирокчилар қисқа масофага югуриш, турникда тортилиш ва тиббий тайёргарлик бўйича беллашди. Шунингдек, улар ўз назарий билимларини тест саволлари асосида намоён этиш имконига эга бўлди. Бундай комплекс ёндашув нафақат спорт маҳоратларини ошириш, балки ҳамкасблар орасида соғлом рақобат ва бирдамлик руҳини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида “Ўзбекистон” нашриёти билан ҳамкорликда китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Китоблар ва маърифий нашрлар ярмаркаси иштирокчиларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларда таълимга бўлган қизиқиш ва илмга интилишни юзага чиқаришда муҳим рол ўйнади.
Мухтасар айтганда, “Амир Темур ойлиги” фақат тарих ва маданиятни тарғиб қиладиган эмас, балки энергетика тизимидаги ходимларнинг соғлом турмуш тарзи ва маънавий ривожланишига ҳам хизмат қиладиган кенг кўламли лойиҳага айланмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА