Энергетика соҳасида халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди
Энергетика соҳасида замонавий технологияларни ўзлаштириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш янги имкониятларни очади. Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида Хитойнинг Тяньцзин қишлоқ хўжалиги университети вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқотда филиалнинг Энергетика технопарки негизида литий-ион батареялар ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш, замонавий технологик ечимларни жорий этиш ва энергетика соҳасида инновацион ишланмаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мазкур йўналишда илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Литий-ион батареялар ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Энг муҳими, ушбу учрашув халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, шунингдек, энергетика соҳасига инновацион технологияларни татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири