Эндокринологга учрашишни пайсалга солманг!
Вазн ўзгариши, бўйин соҳасида ноқулайлик, тез-тез кайфият бузилиши, сочлар ва тирноқларнинг мўртлиги, тана ҳароратидаги ўзгаришлар, терининг ҳаддан ортиқ қуруқлашиши, ҳазм тизимида муаммолар ва юрак ритмида ўзгаришлар танамиздаги биз доим ҳам эътибор қаратмайдиган белгилардир.
Шифокорлар фикрига кўра, соғлиғимиздаги биз аҳамият бермайдиган айнан мана шу ўзгаришлар аслида ҳаётимиз учун катта хавфни келтириб чиқарар экан.
Таъкидланишича, қалқонсимон без инсон вужудидаги ички секреция безлари орасида энг йириги ва муҳимларидан бири бўлиб, унда ишлаб чиқариладиган турли гормонлар вужудга овқат билан йод унсури кириб тургандагина меъёрда бўлади. Йод танқис бўлса мувозанат бузилиб, барча аъзо ва тизимлар фаолияти бузилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйича 665 миллиондан ортиқ одам эндемик бўқоқ ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларидан азият чекмоқда. 1,5 миллиард инсон эса йод танқислиги касалликлари ривожланиш хавфига эга. Таҳлилларга кўра, дунёда қалқонсимон без касалликларининг кўпайиши йилига 5 фоизни ташкил қилмоқда.
– Танамизда содир бўлаётган ҳар бир ўзгаришларга эътиборсизлигимиз жиддий оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас, – дейди мутахассис шифокор Очил Элмуродов. – Касаллик гормонларнинг етарли ишлаб чиқарилмаслиги ва ортиқча ишлаб чиқарилиши билан боғлиқдир. Муаммо бартараф этилмаса, у юрак хасталикларига, ҳомиладорлик ва туғруқ оғир асоратлар билан кечишига, ҳомила тушишига, баъзи ҳолатларда комага олиб келади. Одам боласи кучсиз қалқонсимон без билан туғилиши ҳам мумкин. Ёднинг кундалик эхтиёжининг меъёрий микдоридан ортик кабул килиниши гипертиреознинг (калконсимон без фаолиятининг ортиб кетиши) ривожланишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда дорихоналаримизда сотилаётган йодмарин, йодактив ва йодид дорилари ҳар куни кабул килишга мўлжалланган дорилар бўлиб, улардан йод миқдори этикеткаларида 25,50-100-200 мкг сифатида кўрсатилган. Ҳар қандай ҳолатда эндокринологга учрашишни пайсалга солмаслик лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига эндокринология ёрдамини кўрсатишнинг интеграциялашган тизими яратилди. Эндокринология муассасаларини юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш ва эндокрин касалликларни профилактика, диагностика қилиш ҳамда даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, эндокринология хизматини янада ривожлантириш эпидемиологик вазиятни баҳолаш ҳамда қандли диабет ва йод танқислиги ҳолати юзага келишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилишни, шунингдек, эндокринология йўналишларини болалар эндокринологиясининг талаб юқори бўлган йўналишлари билан биргаликда қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда. Замонавий тиббиёт муваффақиятларига қарамай, бугунги кунда эндокрин касалликлар дунёнинг аксарият мамлакатлари, шу қаторда Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий 10 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айнан эндокринология хизматини такомиллаштириш ва қамровини ошириш чора-тадбирлари хусусида сўз борди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 14 та филиали моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бу филиалларда махсус бўлимлар ташкил этилгани боис бугунги кунда республика марказига аҳолидан келиб тушган мурожаатлар 2 баробарга камайди. Яъни, қарийб 5 минг нафар фуқаронинг оворагарчилиги ва ортиқча харажатларнинг олди олинишига келишилди. Ҳар йили 80 минг нафар бемор инсулин билан бепул таъминланмоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси йод етишмайдиган ҳудудда яшайди. Оқибатда, қалқонсимон без касаллиги кўп учрайди. Сўнгги беш йилда эндокрин касалликлар 20 фоизга ортиб, ёшлар орасида ҳам кўпайган. Умуман, ўтказилган хатловлар натижасига кўра, юртимиз бўйича 2 миллион аҳолининг 6 фоизида бу каби касалликлар аниқланган.
Йиғилишда қайд этилишича, аввало, оилавий ва эндокрин шифокорлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунинг учун жойларда ташкил этилган тиббиёт бригадалари, ҳамшира кўриги хоналари ва Саломатлик мактаблари роли кучайтирилади. Масалан, бирламчи шифокор кўриги жараёнида 10 турдаги таҳлилни йўлга қўйиш орқали вилоят марказларига мурожаатларни 50 фоизга қисқартириш мумкин.
Шунингдек, эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли йилига камида бир марта манзилли скирингдан ўтказилади. Эндокрин касаллик аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри ишга туширилади. Ҳар бир тиббиёт бригадаси экспресс-тестлар ўтказиш учун глюкометр билан таъминланади.
Келгуси йил 1 июлдан ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар, 3-15 ёшдаги болаларга бепул йод препарати берилади. Қандли диабет учун метформин дорилари 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади. Маҳалладаги беморлар ва диабетга мойиллиги бор аҳолига касалликни бошқариш ўргатилади. Жумладан, туманларда энг зарур лаборатория текширувларини йўлга қўйиш орқали кўрсатиладиган хизматларни 5 тадан 17 тага етказиш ва республикага мурожаатларни 20 фоизга камайтиришга эришиш мумкин.
Туманларда оилавий ва марказий поликлиника, марказий шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораториялари мақбуллаштирилиб, туну-кун ишлайдиган марказий лабораториялар ташкил этилади. Улар оилавий поликлиника ва шифокор пунктларидан материалларни йиғиб олиш учун транспорт воситалари билан таъминланади. Келгуси йил давомида лабораториялардаги 1 мингдан зиёд шифокорлар ва 3 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси оширилади.
Эндокринология марказининг туманлараро бўлимлари сони ҳозирги 29 тадан 50 тага етказилиши белгиланди. Ҳудудлардаги филиаллар янги тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва кўрсатиладиган хизматлар сони 15 тадан 40 тагача етказилади. Эндокринология маркази илмий-инновацион муассасага айлантирилади. Илмий тадқиқот ишларига хориждан мутахассислар жалб этилади. Марказ шифокорларининг чет элда малака ошириши таъминланади.
Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳимроқ нарса йўқ. Хасталиклардан сақланиш, саломатликни асраш ва мустаҳкамлаш лоқайдликдан сақланишни талаб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА