Эндиликда харид чеки орқали автомашина ютиб олиш мумкин
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майда “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан мазкур ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харидлар бўйича онлайн назорат-касса техникаси орқали берилган чеклар асосида махсус ютуқли ўйинлар ўтказиб борилади.
Тасдиқланган низомга кўра, харид чекларини “Солиқ” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтказган ҳар бир шахс автоматик тарзда ютуқли ўйин иштирокчисига айланади. Илова орқали иштирокчиларга уларнинг чеклари танловга киритилгани ҳақида маълумот бериб борилади.
Ютуқли ўйинлар ҳар ой “Солиқ” иловасидаги “Ютуқли ўйинлар” платформаси орқали ташкил этилади. Бир ой давомида рўйхатдан ўтказилган чеклар умумий базага жамланиб, ғолиблар инсон омилисиз — чекларни тасодифий танлаб олиш орқали аниқланади.
Қарорга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳар бир ойлик ютуқли ўйин ғолибига бош соврин сифатида автомашина топширилади.
Мазкур тизим аҳоли ўртасида харид чекларини талаб қилиш маданиятини шакллантириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА