Эндиликда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва зинапоялари ҳафтада 1 марта тозаланади
Адлия вазирлиги Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди.
2026 йил 29 апрелда қабул қилинган қонунга кўра, кўп квартирали уйлар учун бошқариш органлари томонидан умумий техник паспорт юритилади.
Бошқариш органлари юк кўтарувчи конструкциялар, кузатув камералари ва домофонлар соз ҳолатда сақланиши, хомашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ва хўжалик анжомларини сотиб олиш ишларини амалга оширишади.
Кўп квартирали уйнинг фасад қисмларида ва умумий фойдаланиш ҳудудларида мулкдорлар умумий йиғилишининг қарори билан меъморчилик деталлари, рекламалар, афишалар, ва эълонларни ўрнатиш мумкин.
Уйларда шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги шарт.
Уйлар (зинапоялар, лифтлар, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари ертўлалари ва бошқалар), туташ ҳудудлар заруратга кўра, бошқариш органи томонидан дератизацияланади, дезинсекция ва дезинфекцияланади.
Уйларнинг ертўла қисмидаги қувурларда авария ҳолати юзага келиши натижасида сув ёки оқова сув тўпланиб қолса, бошқариш органи 24 соат мобайнида ертўладаги сув ва оқова массаларини чиқариб юбориши лозим.
Шунингдек, ҳафтада 1 марта кўп квартирали уйларнинг лифт хоналари тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади.
Шербек Исломов, ЎзА