“Энди кўчага мустақил чиқа оламан”
Ижтимоий ҳимоя
Тақдир инсонни қандай синовларга рўбарў қилишидан қатъий назар яшашга бўлган умид, мақсадлар сари олға интилиш сўнмаслиги лозим. Бугун орамизда шундай одамлар борки, ногирон бўлишига қарамай курашувчанлик ҳисси уларни асло тарк этмайди. Бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун эса ҳукуматимиз томонидан беқиёс ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрининг Ойдин маҳалласида яшовчи Юлдуз Умирова I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради.
[gallery-21663]
У бир неча йиллардан буён кўп қаватли уйда яшайди. Ногиронлик аравачасида эканлиги сабабли, уйидан кўчага чиқишга қийналади. Бирор жойга бормоқчи бўлса, қўни-қўшнилардан ёрдам сўрашга мажбур. Чунки унинг уйидан аравачада тушишнинг имкони йўқ.
Маҳалладаги ижтимоий ходим фуқаронинг муаммоларини ўрганиб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан уйини олдидан пандус қуриб берилди.
Эндиликда фуқаро ўзгалар ёрдамисиз бемалол кўчага чиқа олиш имконига эга бўлди. Яратилган бу имкониятлардан сўнг, фуқаро касб-ҳунар эгаси бўлиш учун олдига мақсад қўя бошлади. Фуқаронинг ижтимоийлашуви таъминланди.
– Ойдин маҳалласида жами аҳоли сони 10 минг 874 нафарни ташкил этади, – дейди Қарши шаҳар Ойдин маҳалласи ижтимоий ходими Ёқутхон Ражабова. – 2 минг 782 та оила мавжуд. Шундан кам таъминланган оилалар 105 та. 67 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва 6 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларимиз бор. Фаолиятим давомида 23 та кейс очганман. 19 та кейс бўйича ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилган. Юлдуз опанинг уйига келиб ўргандим ва бир қанча муаммолари борлигини аниқладим. Ушбу муаммолар юзасидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига ариза киритилди. Ижтимоий хизматлар белгилаб олинди. Биринчи ўринда Юлдуз опанинг ижтимоийлашувини таъминлаш ва мослаштириш мақсадида хонадонининг чиқиш йўлагига пандус қуриб берилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари