Энди хорижда ишлашга ҳожат йўқ
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ёшлар учун ташкил этилган “Ёшлар дала шийпони”да амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани “Чақар” маҳалласи ҳудудидан Шаҳрисабз туманидаги Сарчашма қишлоғи ёшлари учун “Ҳар бир ёшга, бир гектар” лойиҳаси доирасида ер майдони ажратилган эди. Айни пайтда экспортбоп ловия етиштиришни кўзлаган ёшлар дала юмушларини бошлаб юборди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ёшлар учун ташкил этилган “Ёшлар дала шийпони”да амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Мазкур “Ёшлар дала шийпони”га бугунги кунда ётоқхона учун мебель жиҳозлари олиб келинди, электр энергияси таъминоти учун устунлар ва трансформатор ўрнатилди. Айни пайтда бошқа қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, айвонлар ва ҳовуз қурилиши давом этмоқда. Вилоят ҳокими мутасаддиларга бу ерда ёшлар учун барча қулайликларни яратиш, жумладан, дала шийпонига элтадиган йўлларнинг равон бўлишини таъминлаш, ёшлар эҳтиёжи учун парранда ва чорва моллари боқиш имкониятларини яратиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

– Бизга берилган бу имкониятдан албатта унумли фойдаланамиз, – дейди сарчашмалик Жўрабек Чоршанбиев. – Яшайдиган қишлоғимиз тоғда жойлашгани боис экин қиладиган ер жуда танқис. Шу боис мен тенги кўпчилик ёшлар баҳор келиши билан хорижга ишлашга кетади. Вилоят ҳокимининг биз – тоғлик ёшларни ўйлаб Ғузор туманидан бир гектардан ер ажратиб бергани айни муддао бўлди. Энди четга бориб ишлашга ҳожат қолмади. Ҳозирда менга ажратилган бир гектар ерга ловия экиб, 3-4 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпман. Экиш ишларини бошлаб юбордик. Бу ерда бизни меҳнат қилишимиз учун барча шароитлар яратилмоқда. Бундан жуда миннатдормиз.
Тоғлик ёшларнинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган ер участкаларида меҳнат қилиб, қўшимча даромад топишларига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган бу лойиҳанинг самараси қандай бўлиши ёшларнинг ерга нима экишию иштиёқи ва шижоатига боғлиқ. Вилоят ҳокими ёшлар ва мутасаддилар билан суҳбат чоғида бу масалага алоҳида тўхталди. Ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, ёшлар ўзига ажратилган ерда кўпи билан икки турдаги экспортбоп ва харидоргир маҳсулот етиштиришига эришиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Дала четларига ўз этиёжлари учун қовоқ, помидор ва бошқа сабзавот экинлари экишни тавсия қилди.