Энди Жаҳон божхона ташкилотининг "Регистон"и бор
Жаҳон божхона ташкилотининг Брюсселдаги бош штаб-квартирасида ўзига хос музей ташкил қилинган. Мазкур музейдан ташкилотга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари томонидан тақдим этилган турли эсдалик ашёлар, хизмат кийим-бошларидан намуналар, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос “ташриф қоғози”ни англатувчи тарихий биноларининг макетлари ва бошқа совғалар жой олган.
Мазкур музей экспозицияси энди Ўзбекистон ва унинг божхона хизматини акс эттирувчи ўзига хос экспонатлар билан бойиди.

Жаҳон божхона ташкилоти минтакавий тузилмалари раҳбарларининг 18-Глобал учрашуви доирасида Бельгияга йўл олган Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси делегацияси ушбу нуфузли анжуман доирасида ташкилот Бош котиби Куниа Микуриа билан учрашишга муваффақ бўлишди.
Учрашувда делегация вакиллари жаноб Микуриага Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов номидан божхона рамзи акс эттирилган Регистон майдони макети ҳамда Ўзбекистон божхона хизмати ходимларининг хизмат бош кийими – фуражкани топширишди.
Шу куннинг ўзида мазкур эсдалик совғалари Жаҳон божхона ташкилоти музейининг кўргазмалар залидан жой олди.

Ушбу воқелик Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг ёрқин ифодасини англатади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон божхона ташкилоти минтакавий тузилмалари раҳбарларининг 18-Глобал учрашувида мамлакатимиздан ташриф буюрган вакил – Ўзбекистон Республикаси Божхона кўмитасининг Валюта назорати бошқармаси бошлиғи У.Тожиев илк бор йиғилиш раисининг ўринбосари сифатида иштирок этди.
ЎзА