Энди ғуломтепаликларнинг ҳам ўз тиббиёт пункти бор
Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Ғуломтепа” маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан 10 километр узоқликда жойлашган. Бугунга келиб ҳудуддаги хонадонлар 532 тага, оила сони эса 870 тага етган бўлиб, уларда истиқомат қилаётган аҳоли 3 минг нафардан ортган. Аҳолининг асосий тирикчилик манбаи эса деҳқончилик ва чорвачиликдир.
Ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб, аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоғи барқарор изга тушиб бораётган бир шароитда ғуломтепаликлар соғликларини текширтириш, тиббий муолажа олиш учун шу кунга қадар туман марказига қатнашга мажбур эди.
Эндиликда бу қишлоқ аҳлига ҳам тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш имконияти яратилди. Маҳаллага шифо учун мослаштирилган ва тиббий жиҳозлар билан таъминланган контейнер келтириб ўрнатилди. 45-сонли “Талисафед” оилавий поликлиникасининг филиали сифатида “Ғуломтепа” маҳалла тиббиёт пункти маскани барпо қилинди.
Олис ҳудудда тиббиёт пунктининг очилишида туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари қатнашди. Айни пайтда маскан зарур тиббий воситалар билан таъминланган бўлиб, ўнга яқин шифокор ва ҳамширалар фаолият олиб бормоқда. Эндиликда бу ерда замонавий ускуналар ва лаборатория жиҳозларидан фойдаланилмоқда.
Албатта, чекка ҳудудда янги маҳалла тиббиёт пункти иш бошлаши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаб, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, мушкулини осон қилишга кўмаклашади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари