Эллик йиллик даромад кафолати
Ҳукуматимиз томонидан ҳам мамлакатимизнинг ички имкониятларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Айни дамда бутун жаҳонда кечаётган мураккаб вазият сабаб инсоният турли синовларга дуч келмоқда. Айниқса, бу жараёнда ишсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи куннинг энг долзарб муаммосига айланди. Буни ҳал этиш учун эса ҳар бир мамлакат ўз чора-тадбирларини кўриб келмоқда.
Бу борада ҳукуматимиз томонидан ҳам мамлакатимизнинг ички имкониятларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Қайд этиш жоизки, юртимизда ишсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири – томорқадан самарали фойдаланишдир. Чунки ҳали ҳануз бу соҳанинг улкан имкониятларидан тўлиқлигича фойдаланилгани йўқ.
Бу жараёнда аҳоли бандлигини таъминлаш, бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативлари ҳам бу ишларнинг самарали кечишида муҳим омил бўлмоқда.
Маълумки, ҳукуматимиз томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли рўйхатини шакллантириши, қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетган ерларни талабгорларга тақсимлаб бериши ва уларни кооперацияларга бириктириши, бунда мазкур шахсларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар тақдим этилиши ва ерларни оборотга қайтариш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилиши топширилган.
Шу билан бирга республика ҳудудида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативларига туман ҳокимликлари томонидан фойдаланилмайдиган (суғорилмайдиган), оборотдан чиқиб кетган ерлардан камида 15 гектар, шундан ҳар бир кооператив аъзосига,яъни камида 50 та ишсиз ёки кам таъминланган фуқароларга 20 сотихдан, ҳамкор ташкилотга 5 гектар ер бўлиб берилиши қайд этилганди. Энг асосийси, мазкур ерлар эллик йил муддатга ажратилаётгани ҳар бир кишининг узоқ муддат даромадли ва ишли бўлишига асос бўлмоқда.
Бу жараёнда ҳар бир кооперацияни ташкил этувчи таъсисчилар сифатида 50 та ишсиз фуқаро ва уларга кўмаклашувчи ҳамкор сифатида ташаббускор Фермер хўжалиги ёки Томорқа хизмати МЧЖ бириктирилиши ҳамда улар иштирокида ягона қишлоқ хўжалиги корхонаси ташкил этилади.
Бугунги кунда мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда кўплаб амалий ишлар қилинаётир.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативига ажратилган ер майдонларидан асосан мева ва сабзавотчилик йўналишларида фойдаланиш ва йил давомида икки, уч марта ҳосил олиш имконияти мавжудлиги унинг ҳар томонлама самарали ва даромадлигидан далолатдир. Шу боис, ҳам аҳолида бундай кооперацияларга бўлган қизиқишлар ортиб, охирги бир ойнинг ўзида Жамғарма ташаббуси ва таклифига биноан 148 та туманда 304 та қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб,фойдаланишга яроқсиз 6 768 гектар ер майдони оборотга қайтарилди. Мазкур ерларга 15 мингдан ортиқ ишсиз ва кам таъминланган аҳоли бириктирилди.
Кооператив мева ва сабзавотчилик йўналишида шуғулланар экан, йил давомида кўпроқ даромад олиш мақсадида ердан икки ва уч маротаба ҳосил олиш имконияти юқори бўлган экинларни экади. Масалан, Сурхондарёда эрта баҳорда экспортбоп лавлаги, карам ва кўкат плёнка орасида етиштирилди. Ўртаки экин сифатида улар соя, помидор экишмоқда. Куз ойларида тўқсонбости экинда эса пиёз, саримсоқ, қалампир ва шу каби озуқа экинлари етиштириш мўлжалланмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг даромадининг ошишига омил бўлиши кутилмоқда.
Қолаверса, мазкур ерларда иссиқхоналарнинг ҳам ташкил этилаётгани аҳолининг йил бўйи иш билан банд бўлиш ва доимий даромад олиш имкониятини ҳам тақдим этмоқда.
Энг асосийси, фуқароларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси фуқароларга кооперативлар устав фондига киришлари учун 24,1 млрд.сўм субсидия ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мазкур кооперативларга жами 19 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратди.
Мазкур кредит маблағлар орқали кооперативларда ишлашга мўлжалланган минитрактор, мотокулътиватор ҳамда сув чиқариш йўналишлари доирасида артизан қудуқлари ва сув насослари орқали суғориш тизими жорий этиш мақсадида фуқароларга ажратилган субсидия маблағларига уруғлик ва кўчат йўналиши доирасида фойдаланилмоқда.
Шу билан бирг амазкур кооперация аъзоларига (фуқароларга) банклар томонидан имтиёзли кредитларнинг ажратилаётгани уларнинг ишини янада олдинга силжишига туртки бўлмоқда. Айни дамда «Микрокредитбанк», «Халқ банки» ва «Агробанк» АТБ лар орқали 3 йиллик муддатга 1 йиллик имтиёзли давр билан қайта молиялаштириш ставкасида маблағлар берилмоқда. Бундан асосий мақсад аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликдан қутқариш масалалари устувор вазифа ҳисобланади.
Қисқасини айтганда, айни кунларда мазкур кооперацияларда фаолият юритаётган минглаб юртдошларимизга яратиб берилаётган бундай шароитлар уларнинг бугунги мушкул вазиятда янада руҳлантириб, келажакка бўлган умидини оширмоқда.Эндиликда уларнинг ягона мақсади кўпроқ экин экишу кўпроқ даромад олишдир.
Хуршидбек Исроилов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгаларини
қўллаб-қувватлаш жамғармаси
бош мутахассиси