Элликқалъада янги объектлар иш бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Жумладан, “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғинида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда қуриб битказилган “Чамантекс” тикувчилик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Жами 150 иш ўрнига эга тикувчилик цехида, ҳозирги вақтда 120 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тикувчилик цехида йилига 1 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқарилади. Шунингдек 300 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари янги цехда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Элликқалъа тумани “Амиробод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида эса “AGRO EKSIM GOLD” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона иш бошлади. Умумий 3,7 гектар ер майдонига эга, гидропоника технологияси асосида янгидан ташкил қилинган иссиқхона йилига 750 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш қувватига эга. Бу ерда мавсумий 80 та, доимий 50 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Ҳозирги кунда 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.
Шу куни тумандаги “Сарибий” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 150 ўринли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносининг ҳам очилиш маросими бўлди. Барча қулайликларга эга мактабда ўқувчи ёшлар мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турлари сирларини ўрганади.