Элит ОЧЛ: Машарипов иштирокидаги «Истиқлол» ғалабаси
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи 4-тур учрашувлари «Истиқлол» — «Ал-Шамол» ва «Ал-Ҳилол» — «Шабаб Ал-Аҳли» клублари баҳсидан сўнг ўз якунига етди.
«Истиқлол» клуби Ироқнинг Басра шаҳрида ўтказилган «Ал-Шамол» жамоасига қарши ўйинда 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг биринчи дақиқасида Жасир Асани томонидан киритилган гол Теҳрон клубига ғалаба келтирди.
Мазкур учрашув ўзбек мухлислари учун алоҳида аҳамият касб этди. Сабаби, баҳсни ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқарди. Бош ҳакам Аскер Нажафалиевга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Руслан Серазитдинов ёрдам берди. VAR тизимида Фирдавс Норсафаров ва Абдурашид Худойберганов иш олиб борди.

Шунингдек, Теҳрон клуби сафида ҳам икки нафар ҳамюртимиз ҳаракат қилди. Жалолиддин Машарипов учрашувни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ўтказди. Рустам Ашурматов эса баҳснинг сўнгги дақиқаларида Жасир Асани ўрнига майдонга тушди.
Турнинг яна бир учрашувида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби БААнинг «Шабаб Ал-Аҳли» жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги ҳар икки голга англиялик ҳужумчи Олли Уоткинс муаллифлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, бу турда Масқат шаҳридаги «Султон Қобус» мажмуасида кечган «Трактор» — «Нефтчи» учрашуви 2:2 ҳисобида якунланди. Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси эса ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клубига 2:6 ҳисобида мағлуб бўлди.


4-тур доирасида «Ал-Васл» «Эйр Форс»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. «Ал-Иттиҳод» «Ал-Айн»га 1:4, «Ал-Гарафа» эса «Ал-Қодисия»га 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. «Ал-Садд» ва «Ал-Аҳли» жамоалари ўртасидаги баҳсда эса ҳисоб очилмади — 0:0.
Ушбу турда қайд этилган натижалардан сўнг, Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқич жадвалида «Ал-Айн» 12 очко билан карвонбошилик қилмоқда. «Ал-Ҳилол», «Истиқлол» ва «Шабаб Ал-Аҳли» клублари 9 очко тўплаб, голлар нисбатига кўра, 2-4 ўринларга тақсимланган бўлса, «Ал-Қодисия» ва «Ал-Аҳли» жамоалари 8 очко билан 5-6 поғоналарни банд этган.
«Ал-Наср» жамоаси захирасида битта учрашув бўлишига қарамай, 6 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди. «Ал-Шамол» 5 очко билан 8-поғонадан жой олган. «Нефтчи» ва «Ал-Иттиҳод» 4 очкодан жамғариб, 9–10-ўринларни банд этган. «Ал-Васл» ҳамда «Эйр Форс» ҳисобида 3 очкодан мавжуд бўлиб, мос равишда 12- ва 13-ўринларни эгаллаган. «Трактор», «Пахтакор» ва «Ал-Садд» жамоалари 2 очкодан жамғарган.

Элит Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг Ғарбий минтақасида 5-тур учрашувлари 23–24 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
23 ноябрь:
18:45 — «Нефтчи» — «Ал-Ҳилол»
21:00 — «Ал-Айн» — «Истиқлол»
21:00 — «Ал-Шамол» — «Ал-Аҳли»
21:00 — «Трактор» — «Ал-Васл»
23:15 — «Ал-Иттиҳод» — «Пахтакор»
23:15 — «Эйр Форс» — «Ал-Гарафа»
24 ноябрь:
21:00 — «Шабаб Ал-Аҳли» — «Ал-Қодисия»
23:15 — «Ал-Наср» — «Ал-Садд»
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА