Электрдан фақат қонун доирасида фойдаланиш лозим
Энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ноқонуний истеъмолга қарши курашиш борасида мамлакатимизда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари орқали давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказаётган қонунбузилишлар ўз вақтида аниқланиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Ана шундай назорат тадбирларидан бири Бош прокуратура штаби томонидан Бухоро вилоятида ўтказилиб, унда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик ҳолатлар фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган қонунбузилишлар оқибатида давлат манфаатларига жами 1 миллиард 927 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Маълум бўлишича, Шофиркон туманида фуқаро “Т.Н.” га тегишли сув насослари электр ҳисоблагични четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри электр тармоғига ноқонуний уланган. Бу орқали 509 миллион сўмлик электр энергияси қонунга зид равишда истеъмол қилингани дастлабки ҳисоб-китобларда қайд этилган.
Назорат тадбирлари давомида яна бир йирик қонунбузилиш Когон туманида аниқланди. Бу ерда 16 та таълим муассасасига қарашли сув насослари ҳам электр ҳисоблагични четлаб ўтган ҳолда тармоққа улангани маълум бўлди. Мазкур ҳолат натижасида давлатга етказилган зарарнинг дастлабки миқдори 1 миллиард 418 миллион сўмни ташкил этган.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра, қонунбузилишларга ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланади.
Электр энергияси — бутун жамият фаровонлигига хизмат қиладиган стратегик ресурс ҳисобланади. Уни талон-торож қилиш ёки ноқонуний истеъмол қилиш нафақат давлат иқтисодиётига, балки ҳалол тўлов қилаётган минглаб истеъмолчилар манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир фуқаро ва ташкилот энергия ресурсларидан фақат қонун доирасида фойдаланиши, бундай ҳуқуқбузарликларга муросасиз муносабатда бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Энергия ресурсларини асраш — бу нафақат иқтисодий зарурат, балки келажак авлод олдидаги масъулият ҳамдир. Бухорода аниқланган ушбу ҳолатлар эса қонун устуворлиги таъминланаётгани ва ҳар қандай ноқонуний ҳаракат, албатта, фош этилишини яна бир бор яққол намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири