Электр ва газ тармоқларидаги муаммоларни манзилли ҳал этиш чоралари белгиланди
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов раислигида танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Янгийўл тумани мисолида “Туманбай” ва “Маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш, жойларда электр ва газ таъминотидаги муаммоларни тизимли бартараф этиш ҳамда соҳада назорат ва ижро интизомини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда республика бўйлаб электр ва газ таъминотини яхшилаш мақсадида ташкил этилган 15 та махсус штаб раҳбарлари ҳамда соҳа ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди. Муҳокамалар давомида намунавий туманларда электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни малакали муҳандислар ва назорат органлари иштирокида ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Шунингдек, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, электр энергияси ва табиий газ йўқотишларини камайтириш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ҳамда қонунбузарликларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар қўллаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Вазирлик ахборот хизмати қайд этгандек, мазкур ёндашув асосида жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва тезкор бартараф этиш, шунингдек, электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш ҳамда тизим самарадорлигини янада ошириш кўзда тутилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА