Электр таъминотида узилиш бўлмайди
Жиззах вилояти Арнасой тумани тиббиёт бирлашмасини қисқа узилишлар пайтида электр билан таъминлаш мақсадида қуввати 160 кВтли генератор ўрнатилди.
Мамлакатимизда ижтимоий соҳаларга, айниқса, тиббиётга катта эътибор қаратилаётганлиги замирида аҳолининг саломатлиги, беморларга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсади мужассам.
Туман тиббиёт бирлашмасида электр таъминоти тизимидаги қисқа узилишлар пайтида электр энергияси таъминотида мунтазамликни таъминлаш мақсадида “ARNASOY GOLD TEX” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳомийлик асосида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қуввати 160 кВтли генератор ўрнатилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу ўрнатилган генератор электр тизимидаги қисқа узилишлар вақтида туман тиббиёт бирлашмасини электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Туман ҳокими Хуршид Алимарданов ҳамда Президентнинг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов ана шу амалий ишлар билан яқиндан танишиш, объектнинг иситиш тизимлари фаолиятини ўрганиш, беморлар ҳолидан хабар олиш ва улар билан мулоқотда бўлиш, шунингдек, ўрнатилган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи генераторнинг ишлаш фаолиятини кўздан кечириш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида бўлди.
– Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши, ёзнинг жазирама иссиғи, қиш мавсумининг қаҳратон совуғи пайтида, ҳатто, энг ривожланган давлатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлашда катта муаммоларга дуч келинмоқда, – дейди Арнасой тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Алишер Эсиргапов. – Электро-генераторнинг ўрнатилиши катта авариялар ва истеъмолчиларнинг электр энергиясидан узилиб қолишини, электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишини олдини олишда ёрдами тегади. Диспетчерлик маркази томонидан энергия тизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминланмай, тизимдаги зўриқиш турли йирик аварияларга сабаб бўлганида, катта-катта ҳудудларда электр энергия бўлмай қолиши каби салбий ҳолатларда, узоқ муддатга бўлмасада, ушбу генератор электр энергияси билан таъминлаб тура олади.
Мухтасар қилиб айтганда, эндиликда туман тиббиёт бирлашмасида электр энергияси билан боғлиқ қисқа узилишлар пайтида ҳам электр таъминоти барқарор бўлади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА