Электр станцияларида хавфсизлик
Республика “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти корхоналарида бўлиб ўтган “Хавфсизлик техникаси кўрик-ойлиги” доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида корхонанинг барча ишлаб чиқариш цехлари ходимлари ўзлари тайёрлаган дастурлар асосида кўргазмали чиқишларни намойиш этди.
Аввал цехлар миқёсида ўтказилган кўрик-танлов, мусобақа ва тадбирлар “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти масъул вакиллари иштирокидаги кейинги босқич танлов ва беллашувларига жиддий тайёргарлик вазифасини ўтади.

Цехлараро умумстанция танлови тўрт номинацияда ўтди – ходимлар оғир жароҳат олган кишини маълум вақт давомида жонлантириш, электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши бўйича билим ва кўникмаларни аниқлаш, техник ишларни бажариш учун намунавий наряд тўлдириш, техника эксплуатацияси қоидалари, ёнғин хавфсизлиги ва хавфсизлик техникаси, жароҳат олган ходимларга биринчи ёрдам кўрсатиш каби масалаларни қамраб олган электрон-тест синовларида гуруҳларга бўлинган ҳолда иштирок этди.

– Бундай тадбирларни нафақат кўрик-ойлик доирасида, балки мунтазам ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ, – дейди “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати масъул ходими Шоҳруҳбек Камолов.
–Шу нарса яққол кўриндики, реал воқеликка яқинлаштирилган бу каби амалий машғулотларда ходимлар билимининг ошиши, касбий кўникмалари, тажрибаси мустаҳкамланишида ижобий натижага эришиш мумкин.

Тадбирлар якунида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятининг масъул вакили, станция бош муҳандиси, мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси бўлими ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан машғулотлар давомида йўл қўйилган айрим ташкилий-техник тусдаги камчиликлар ва нуқсонлар кўрсатиб ўтилди. Иштирокчиларга зарур амалий тавсиялар берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА