Электр энергиясида узилиш бўлмайди
Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Энергетика вазирлигининг махсус штаби "Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамиятига қарашли темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехида бўлди.
Бу ерда паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг таннархини пасайтириш мақсадида ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйилган.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур цехда 18 та қўшимча иш ўрни яратилган бўлиб бугунги кунда бу ерда кунига 30 дона темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилмоқда. Цехнинг ойлик ишлаб чиқариш қуввати 840 дона, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 10 минг 80 донани ташкил этади.
Шунингдек, қўшимча равишда цехнинг иккинчи навбатини ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда қурилиш ишлари бажарилмоқда. Қўшимча цех фаолияти йўлга қўйилгач яна 10 нафар янги иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқариш қувватлари икки баробарга ортади ҳамда корхонанинг темир-бетон таянчларга бўлган йиллик эҳтиёжи қарийб 100 фоизга қопланади.
“Фарғона ҲЭТК” акциядорлик жамиятида темир-бетон таянчлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши билан таянчларни ўзаро маҳкамлаш ва уларга симларни осиш учун зарур бўладиган ҳар хил турдаги металл конструкциялар ишлаб чиқариш зарурати юзага келди. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, жамият қошида металл конструкциялар ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам ташкил этилди. Бунинг учун керакли асбоб-ускуна ва токарлик дастгоҳлари ўрнатилиб, зарур хомашё сотиб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари СИП арматуралари ишлаб чиқариш цехи фаолияти билан ҳам танишдилар. Полимерларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий 290 ва 120 тонналик гидравлик босим билан ишловчи термопласт автоматлар, хомашёни қуритиб дастгоҳга етказиб берувчи ускуна (сушилка), 7 хил турдаги темир қолип, маҳсулотлар қолдиғини қайта ишлаш учун дробилка ва бошқа зарур ускуналар келтириб ўрнатилгач, цех тўла қувват билан ишлай бошлаган эди.
Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш цехида 6 хил турда СИП арматуралари ишлаб чиқарилмоқда. Цех фаолиятини янада кенгайтириш ва маҳсулотнинг қолган турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўлими фаолияти билан танишилди. Маълумки, белгиланган дастурлар ижросини таъминлашда лойиҳа-смета ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилишига эришиш, лойиҳа-смета ҳужжатлари учун сарфланаётган харажатлар миқдорини қисқартириш орқали корхонанинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда “Фарғона ҲЭТК” акциядорлик жамияти таркибида 10 кишидан иборат лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш бўлими ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ўз фаолиятини юқоридаги вазифалар ижросига қаратган.
Соҳада амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалар пировардида истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш ҳамда мавжуд электр узатиш тармоқларини янгилашга қаратилган.