Электр энергияси ишлаб чиқаришда янги қувватлар барпо этилмоқда
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан мамлакат энергетика тизимини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда.
Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Навоий иссиқлик электр станциясида амалга оширилаётган йирик лойиҳа бўлиб, у нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки замонавий технологияларни жорий этиш асосида тармоқ самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси жадал суръатларда олиб бориляпти.
Қурилиш ишларида 2400 дан ортиқ мутахассис иштирок этяпти. Уларнинг асосий қисмини маҳаллий кадрлар ташкил этган ҳолда, техник ишларга хорижий муҳандис-техник мутахассислар ҳам жалб қилинган. Шунингдек, объектда 200 дан зиёд махсус техника воситалари ишга солинган.
Лойиҳа доирасида бошқарув бинолари, газ ва буғ турбиналари, генераторлар, қозон-утилизатор, сув совутиш минораси ҳамда бошқа асосий ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилмоқда. Қурилмалар сифати ва ишончлилигини таъминлайдиган Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Корея каби давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатиляпти.
Ушбу замонавий буғ-газ қурилмаси ишга туширилгач, йилига қўшимча 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ҳамда 200 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ва 870 миллион метр куб табиий газ захирасини тежаш имконияти яратилади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур лойиҳа мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА