Электр энергия таъминотидаги носозлик бартараф этилди
Юртимизда ҳукм сураётган аномал совуқ шароитида Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиб кетиши оқибатида турли носозликлар юзага келмоқда.
Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасида жойлашган “НС-3” электр энергияси тақсимлаш масканидан чиқувчи “Коттеж мед сервис”, “Майдон бозор”, “Ёрдам”, “Раёна”, “Ҳисоблагич”, “Миробод” ва “Бешик” электр узатиш тармоғларининг Т-1 қисми шиналаридаги юкламанинг ортиши натижасида ўта қизиш ҳолати юзага келган. Юзага келган носозликнинг олдини олиш мақсадида мазкур тармоқлар электр энергияси таъминотидан ажратилади.
Натижада Андижон шаҳридаги Бунёдкор, Қўшариқ, Истиқлол, Шифокор, Яхши майдон, Гумбаз, Ёрбоши”, Саховат”, Ҳақиқат маҳаллалари қисқа муддатга электр таъминотидан узилди.
– Мутахассисларимизнинг юқори профессионал даражада олиб борган ишлари натижасида мавжуд носозлик икки саот давомида бартараф этилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали раҳбари Хуршидбек Юлдашев. – Муаммо бартараф этилиши биланоқ электр таъминотидан узилган маҳаллаларда электр энергияси таъминоти тўла тикланди.
Совуқ об-ҳаво ҳукм сураётган шу кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали ҳамда туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида махсус штаблар тузилган бўлиб, жойларда юзага келаётган носозликлар бўйича маълумотлар 24 соат мобайнида қабул қилинмоқда. Носозликларни бартараф этиш бўйича вилоятда 90 та тезкор таъмирлаш бригадаси ташкил этилиб, 32 та махсус автотранспорт ҳамда 5 та автолобаратория жалб этилди. Мазкур бригадалар, соҳа мутахассислари куну тун меҳнат қилмоқда.
Бундан ташқари, юзага келган оғир ва мураккаб шароитдан келиб чиқиб, тармоқларда электр энергияси юкламаси ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида соҳа ходимлари томонидан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА