Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида элчилар билан мулоқот ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Покистон Ислом Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ушбу давлатлар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ижроси ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Асосий эътибор ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, республика экспорт салоҳиятини юксалтириш, “йўл хариталари”га киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар таҳлилига қаратилди.
Бунда, ҳар бир давлат бўйича лойиҳа ҳолати танқидий кўриб чиқилди ва мавжуд тўсиқ ёки муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, тармоқ ва ҳудудлар вакилларининг тушунтиришлари ҳамда таклифлари муҳокама марказида бўлди.
Маълумки, эшитувга тайёргарлик жараёнида Сенат ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида эришилган ижобий натижалар билан биргаликда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, қатор инвестиция лойиҳалари ижросида ҳанузгача ер майдон ажратишнинг ҳал этилмагани, хорижий ҳамкор билан келишувлардаги номутаносибликлар туфайли кечикиш ва ҳатто тўхтаб қолиш ҳолатлари кузатилган.
Мазкур муаммоларга тегишли лойиҳалар кесимида Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фарғона ва Наманган ҳамда Тошкент вилоятлари раҳбариятларининг эътибори қаратилди. Уларга тезкор равишда мазкур элчихоналар билан биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ёки муқобил лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш тавсия қилинди.
Мажлисда олий даражадаги ташрифлар якуни бўйича эришилган келишувлар ва қабул қилинган “йўл хариталари”нинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА