
–Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирги расмий ташрифи давлатимиз раҳбарининг сўнгги 20 йил ичидаги ушбу мамлакатга илк сафари, – дейди Фавқулодда ва мухтор элчи Каромидин Гадоев “Bernama” ахборот агентлигига берган интервьюсида. – Бу тарихий ташриф бўлади.
Элчининг сўзларига кўра, бу давлатимиз етакчисининг, умуман, Жануби-шарқий Осиёга биринчи сафари. Мазкур ташриф доирасида Куала-Лумпурда Бош вазир Анвар Иброҳим билан музокаралар, етакчи маҳаллий компаниялар юқори лавозимли раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес-форум ва бошқа тадбирлар режалаштирилган. Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо, сармоя, инновация, технологиялар, нефть-кимё, электроника, яшил энергия, ақлли қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, шериклик кўламини кенгайтиришга қаратилган қўшма баёнот ва келишувлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Дипломатимиз ташриф олдидан Малайзияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва маданий мероси салоҳиятини намойиш этиш, олий таълим соҳасини биргаликда чуқурлаштиришга қаратилган қатор тадбирлар уюштирилганини қўшимча қилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА