
“Глобус” лойиҳасида мамлакатимизнинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов мулоҳазалари тақдим этилади.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўзаро қўшма корхоналар сони 5 баробар ошди. Айни пайт юртимизда Озарбайжон капитали иштирокидаги 540 компания рўйхатдан ўтган, қардош ўлкада эса 70 га яқин корхонамиз фаолият юритмоқда.
Тўпланган тажрибага асосида Озарбайжонда автомобилсозлик соҳасида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда, тўқимачилик ва ипак қурти кластерлари ташкил этилмоқда. Ўзбекистонда эса икки томонлама ҳамкорлик доирасида гипсокартон ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш қиймати уч баробар ошиб, 255 миллион долларга етди. Мақсад – бу кўрсаткични бир миллиард долларга чиқариш.
Ўтган йил Тошкент ва Боку ҳамкорликнинг 20 йўналиши бўйича келишиб олди. Жумладан, биргаликда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилиш.
Бундан ташқари иқтисодий тараққиётнинг стратегик омили сифатида кўриладиган транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш кун тартибидан муқим ўрин эгаллаган.
Ўтган йил август ойида давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Иттифоқчилик муносабати тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон ва Озарбайжон шериклигини янада мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Тарихий хусусиятга эга мазкур ҳужжат нафақат Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё, балки бутун Евросиёдаги жараёнларга таъсир кўрсатувчи давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини ифодалайди.
Давлатларимиз БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ, ИҲТ (Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти) каби нуфузли халқаро тузилмаларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда. Сўнгги уч йил ичида давлат раҳбарлари ўзаро беш марта ташриф амалга оширгани сиёсий мулоқотнинг мисли кўрилмаган жадаллигидан далолат.
Ўзбекистон ва Озарбайжон томонидан Иқтисодий ҳамкорлик йили сифатида эълон қилинган 2025 йил икки томонлама дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Мазкур тарихий сана муносабати билан кўплаб тадбирлар, жумладан олий даражадаги ташрифлар ва бошқа муҳим ташаббуслар тайёрланмоқда. Айниқса гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берамиз. Масалан, икки мамлакатда ҳам буюк шоир Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллиги кенг нишонланади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА